Uz Eng Ru Ru
Biz bilan aloqa
 Adobe Flash Player

“КАМОЛОТ” ПРЕСС” – БУ ПРОГРЕСС

www.turkiston.uz

Интернет ва компьютер ёрдамида бутун бошли виртуал оламни яратиш мумкинлиги ҳозир ҳеч биримиз учун янгилик эмас. Аммо Ўзбекистон Миллий университети қошидаги 2-академик лицей «Камолот»чилари бундан ҳам оригинал нарсани ўйлаб топишган.

 Замонавий ахборот-коммуникация технологияларига қизиқувчи бир гуруҳ ўқувчилар дастлаб лицейнинг веб-сайтини ишга туширишди. www.uzmu2al.uz электрон манзилда жойлаштирилган мазкур сайтни лицейдаги «Камолот» ЁИҲ бошланғич ташкилотининг виртуал прототипи, десак, бўлади. Веб-ресурснинг «Электрон кутубхона» блокида, ҳатто бошланғич ташкилот фаолиятига доир махсус видеофильмларни ҳам томоша қилиш мумкин. Муҳими шундаки, сайтни техник жиҳатдан таъминлаш, контентни тўлдириш ва янгилаб бориш каби жараёнларни ўқувчиларнинг ўзлари бажаришади. Бундай фаолият бошланғич ташкилот қошида «Камолот» пресс» гуруҳининг пайдо бўлишига сабаб бўлди.

 — «Камолот» пресс»да интернет журналистикасига қизиқувчи ўқувчиларни бирлаштирганмиз, — дейди гуруҳ раҳбари, «Камолот» ЁИҲ бошланғич ташкилоти фаоли Аҳрорбек Хуррамов. — Ҳозирча аъзоларимиз сони йигирма нафарни ташкил этади. Улар орасида ижодий, техник ходимлар, фотомухбирлар, мусаҳҳиҳлар бор. Гуруҳга бошланғич ташкилотнинг етакчилари ҳам кирган. Улар ўз йўналишлари бўйича сайт учун материаллар етказиб туришади. Масалан, яқинда лицейимизда экофорум ташкил қилдик. Ўқувчилар экология мавзуига доир ижодий ишларини намойиш этишди, улар ўртасида кўрик-танлов ҳам ўтказилди. Шу муносабат билан 1-курс ўқувчиси Моҳира Зокирхўжаева қизиқ мақола ёзиб келди. Сарлавҳаси шундай: «Бизнинг ташаббус ёки «тешик тоғора»ни ямайлик». Бунда «тешик тоғора» деганда инсон омилининг таъсири натижасида ҳалокатга учраётган она табиатга ишора қилинган. Мақолани дарҳол сайт­га жойлаштирдик. Эҳ-ҳе, интернет фойдаланувчилари бунга жавобан қанчалаб фикр-мулоҳазаларини ёзиб қолдиришганини кўрсангиз эди. Бу мақола «Ижтимоий ҳаёт» блокидаги энг ўқишли материалга айланди.

— Ҳаракатнинг Марказий Кенгаши томонидан «Мустаҳкам оила — жамият пойдевори» деган умумий мавзу остида ўтказиб келинаётган туркум он-лайн мулоқотларда ҳам бизнинг гуруҳ жуда фаол қатнашиб келяпти, — давом этади Аҳрорбек. — Бундай мулоқотлар, биринчи навбатда, биз, ёшларга турли ижтимоий мавзуларда эркин фикр алмашиш имконини яратгани билан аҳамиятлидир. Ҳар бир форумга  «Камолот» пресс» гуруҳи алоҳида тайёргарлик кўради. Таклиф этилган меҳмонларга мавзу доирасида саволлар тузамиз, он-лайн мулоқот жараёнида уларни Ҳаракатнинг веб-сайтидаги «Форум» бўлимига етказамиз, меҳмонлар томонидан берилган жавобларга мулоҳазалар қолдирамиз, ўз фикримизни билдирамиз. Шу пайтгача гуруҳимизнинг уч нафар аъзоси он-лайн мулоқотнинг «Энг фаол иштирокчиси», битта ўқувчи «Энг яхши савол муаллифи» номинацияси бўйича тақдирланди. Энди орттирилган тажриба асосида ўзимиз ҳам лицей сайтида «Форум» блокини ташкил этмоқчимиз. Бизда ҳам муҳокама этиладиган мавзулар талайгина, бундай мулоқотларга дунё ёшлари ҳам қўшилсин, деймиз-да.

Дарвоқе, дунё ёшлари ҳақида. Шу йилнинг январь ва март ойларида Жанубий Кореянинг Пусан шаҳридаги спорт коллежи ўқувчилари ЎзМУ қошидаги 2-академик лицейда меҳмон бўлишди. Нега дейсизми? Лицей «Камолот»чилари билан бевосита танишиш мақсадида. Яхшиси, ҳаммасини батафсил айтиб берайлик.

Бошланғич ташкилот етакчиси Шукруллохон Анваров жуда қизиқ йигит-да. Янгиликка интилгани интилган. Ғайратли. Бутун интернетни «Камолот» ёшлар ижтимоий ҳаракати ҳақидаги хат-хабарлар билан тўлдириб юборган. Лицейнинг сайти етмагандек, ижтимоий тармоқларда ҳам фаолликни қўлдан бермайди. Ҳа, нима, замонавий йигит, ахборот-коммуникация технологияларига қизиқади, инглиз ва хитой тилларида бемалол сўзлашади. Мана сизга натижа — ўтган йили Шукруллохон интернет орқали биринчи маротаба хитойлик ёшлар билан алоқа боғлади. Ўзаро ёзишмаларда уларга «Камолот» ёшлар ижтимоий ҳаракати ва унинг имкониятлари ҳақида гапириб берди. Шундан сўнг мулоқотга кореялик ёшлар ҳам қўшилди.

- Январь ойи эди. Бир куни электрон почтадан менга хат келди. «Шукрулло, биз Тошкент­га келдик, «Интерконтинентал» меҳмонхонасидамиз», деб ёзилган, — дейди Шукруллохон. — Жуда ажабландим. Ишониб-ишонмай, бир гуруҳ фаолларимиз билан бирга меҳмонхонага бордик. Қарасак, чиндан ҳам кореялик дўстларимиз келишган экан. Улар бизнинг «Камолот»имизга қизиқиб, ҳаммасини ўз кўзлари билан кўриш учун атайлиб Пусандан учиб келишибди. Меҳмонларни биринчи бўлиб лицейга олиб бордик. Улар мендан сўрашди: «Камолот»ингиз ажойиб экан, лекин унга ким ҳомийлик қилади, ким сизга қилаётган ишингиз учун пул тўлайди?» Мен эса: «Йўқ, «Камолот» ЁИҲ нодавлат-нотижорат ташкилот, унга ёшлар кўнгилли равишда бирлашади», деб тушунтираман. Кореяда ҳам ёшлар ташкилотлари бор, бироқ аксарияти фақат қайсидир таълим муассасаси доирасида фаолият юритади. Масалан, Пусан спорт коллежида ёшлар ташкилотига аъзо бўлган ўқувчилар аъзолик бадалини тўлашлари керак. Кореялик тенг­дошларимизга, шунингдек, «Камолот» орқали мамлакатимиз ёшлари етакчи бўлиб тарбияланиш имкониятига эга экани жуда манзур бўлди.

Қаранг, етакчи, етакчи, деймиз-у, лекин Шукруллохоннинг гапларини эшитиб, ҳақиқий етакчининг яна бир муҳим сифатини топгандай бўлдик. Бу инсонларни ишонтириш, уларда ишонч ҳосил қилиш, ўзидаги кучли ғояни сингдириш қобилиятидир. Олис мамлакат ёшларини ўз ортидан эргаштира олган етакчиларимизга фақат тасанно, деса, арзийди.

 

Унда сиз «Камолот» ЁИҲ бошланғич ташкилотлари фаолияти билан танишасиз.

www.yetakchi.uz