Uz Eng Ru Ru
Biz bilan aloqa
 Adobe Flash Player

ОБОД ТУРМУШ ФАРОҒАТИ

ХАЛҚ СЎЗИ  12.03.2013 09:35 www.xs.uz 

Юртимизнинг қай бир гўшасига борманг, ободонлаштириш ва бунёдкорлик ишларига гувоҳ бўласиз. Айниқса, қишлоқларда намунавий лойиҳалар асосида барпо этилган тураржойларга қараб, чин дилдан қувонасиз.Бу эзгу юмушларда Президентимизнинг 2009 йил 3 августдаги “Қишлоқ жойларда уй-жой қурилиши кўламини кенгайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори дастуриламал бўлди, десак, айни ҳақиқатни айтган бўламиз.

Биргина Бухоро вилоятида ўтган йили 630 та кўркам уй-жой қурилиб, фойдаланишга топширилгани бунинг исботидир.
— Уйимиз тўрт хонали, барча қулайликларга эга, — дейди Вобкент туманидаги Паноб аҳоли пунктида қад ростлаган намунавий уйлардан бирида истиқомат қилаётган  Наргиз Худаева. — Бу ерда оиламиз билан бирга яшаяпмиз. Томорқамизга қулупнай, картошка экдик. Помидор ҳамда турли резавор кўкатлар ҳам ўзимиздан чиқади. 
— Банк томонидан 15 йил муддатга имтиёзли кредит ажратилиши янги хонадон соҳибига ҳеч қандай қийинчилик туғдирмайди, — дейди янги уйга ўз оиласи билан кўчиб ўтган Фаррух Баротов. — Қулайликларга келсак, яхшиси, уйимизга бориб, уни ўз кўзингиз билан кўра қолинг. 
Банк ходими бўлиб ишлаётган бу йигитнинг маслаҳатига амал қилиб, Навбаҳор кўчасидаги уйга кириб бордик. Бизни унинг онаси, меҳнат фахрийси Саодат Шодиева илиқ қарши олди.
— Ўғлим отаси билан маслаҳатлашиб, намунавий уй-жойлардан бирини оламан, деганида барчамиз уни қўллаб-қувватладик, — дейди Саодат опа. — Ниятларимиз рўёбга чиқди. Янги маҳаллага кўчиб келганимизга ҳам, мана, икки йил бўлиб қолди. Келиним, икки неварам билан иссиқ, кенг ва ёруғ тўрт хонали уйда маза қилиб яшаяпмиз. Билсангиз, пишиқ ғиштдан қурилган бундай хонадонлар жоннинг роҳати экан. Қишда иссиқ, ёзда салқин.
Иссиқ сув, совуқ сув, табиий газ — ҳамма-ҳаммаси бор. Шаҳардагидан сира қолишмайди. Бу йил неварам Фарангиз биринчи синфга боради. Уйимиздан атиги беш юз метр нарида 37-мактаб жойлашган. Биз, қишлоқ аҳлига шундай қулайликларни яратаётган Юртбошимизга раҳмат!
Айтиш керакки, Панобда намунавий лойиҳалар асосида 75 та уй-жой қурилган. Савдо шохобчалари мавжуд. Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси вилоят филиали томонидан барпо этилган спорт майдончаси ёшлар ихтиёрида. Шундоқ йўл ёқасида яратилган беш гектарли интенсив боғ эса ушбу масканга ўзгача тароват бахш этиб турибди. 
Эътиборлиси, янги массивларда инфратузилма ҳам жадал ривожланаяпти. Биргина ўтган йили уларга 37,8 километр узунликда табиий газ, 20,9 километрлик электр энергияси, 51,4 километрлик ичимлик суви тармоқлари тортилди. Маиший хизмат шохобчаси, новвойхона, қишлоқ врачлик пункти, мактаб каби жами 27 та ижтимоий объект фойдаланишга топширилди.
Бундай уйларга эса талаб йил сайин ошиб бораётгани диққатга сазовор. Шундан келиб чиқиб, вилоятда 2013 йилда намунавий лойиҳалар асосида 730 та тураржой қурилиши режалаштирилган. Дастлабки ҳисоб-китобларга қараганда, мазкур уйларнинг умумий қурилиш қиймати 
95 миллиард сўмни ташкил қилади. Танлаб олинган 33 та массивда салкам қирқ километр узунликда табиий газ, 45,8 километрлик электр энергияси, 39 километрдан зиёд масофада ичимлик суви тармоқлари барпо этилади. Қарийб қирқ километрдан иборат ички йўллар қурилади. Бешта савдо мажмуаси ҳамда битта гузар қуриш кўзда тутилган.
Бинобарин, Обод турмуш йилида яна юзлаб юртдошларимиз янги тураржойларга кўчиб ўтишади. Янги  уйларда ҳовли тўйлари бўлади. Бу уйларда чақалоқ йиғиси янграйди. Уларда юртимиз эртаси — баркамол авлод вояга етади. Демак, бу уйлардан қут-барака аримайди!

Истам ИБРОҲИМОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.