Uz Eng Ru Ru
Biz bilan aloqa
 Adobe Flash Player

Самарқанд узра Наврўз тантаналари

         ZARAFSHON 2013-YIL 21-MART №33

     Вилоятимизда қутлуғ айёмга қизғин тайёргарлик кўрилди. Аввало, атроф-муҳитни баҳорга монанд саранжом-саришта қилиш, ота-боболаримиз анъаналарини давом эттириб, боғ ва гулзорлар яратиш мақсадида 16-17 март кунлари умумхалқ хайрия ҳашари ўтказилди. Кексалар ва ногиронлар, кам таъминланган оилалар ҳолидан хабар олиниб, уларга моддий ёрдам кўрсатилди. Шу каби эзгу ва хайрли ишлар билан Наврўз сайиллари бошланиб кетди. Шаҳар ва туманлар, маҳаллалар ва меҳнат жамоалари байрамни оммавий халқ сайли сифатида нишонлашга киришдилар.
          Наврўз сайиллари Самарқанд шаҳрининг кўркам гўшаларида ташкил этилди. Эрта тонгдан жарчилар халқни шаҳардаги маданият ва истироҳат боғларида ўтказиладиган Наврўз сайилларига чорлади. Байрамона безатилган Регистон майдони, Йўлбарслар хиёбони, Алишер Навоий номли ҳамда «Сўғдиёна» ва «Ёшлик» истироҳат боғларида халқ ҳунармандчилиги ва амалий санъати намуналари кўргазмаси, корхона, ташкилот, муассасалар ва маҳаллаларнинг баҳорий таомлари кўриги, миллий спорт ўйинлари ташкил этилди. Бу масканларда дошқозонларда сумалагу ҳалим тайёрланиб, элга улашилди.
Асосий байрам тантаналари «Мўъжиза» амфитеатрида бўлиб ўтди. Вилоят ҳокими З.Мирзаев бу ерга йиғилганларни ва вилоятимиз аҳлини боқий байрам – Наврўзи олам билан самимий қутлади. Маъмурчилик ва дастурхонимиз тўкин-сочинлигини таъминлаётган уста деҳқонлар, заҳматкаш фермерларнинг кўтаринки руҳ ва азму шижоат билан бошлаётган эзгу ишларига барака тилади.
– Вилоятимизда қишлоқ хўжалигидаги даромаднинг 29 фоизини яратиб бераётган 5350 та фермер хўжалиги 2013 йилдаги пахта ва ғалла хирмонини янада юксалтиришга бел боғлаганлар, – деди вилоят ҳокими. – Жумладан, айни кунда 110 минг гектар ерда ғалла парваришланаётган бўлса, 91,5 минг гектар майдонга чигит қадаш учун ерлар сифатли тайёрлаб қўйилди. Муҳтарам Юртбошимиз томонидан 2013 йилнинг «Обод турмуш йили» деб номланиши ва бу йилда амалга оширилиши режалаштирилган улкан ишлар барчамизнинг зиммамизга катта масъулият юклайди. Хусусан, йил Дастурида шаҳару қишлоқларимиз ободлиги, кўркамлигини таъминлаш, маҳаллаларимизда истиқомат қилаётган барча оилаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва уларнинг манфаатини ҳимоя қилиш, кексаларни қадрлаш, аёлларимиз юкини ҳар жиҳатдан енгил қилиш, ёшларимизга уларнинг таълим олишлари ва ишга жойлашишлари учун зарур шароитларни яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Фусункор майдон узра Янги кун, Янги йилни мадҳ этувчи майин наво таралди. Тантана кишиларимизнинг кўкламни орзиқиб кутганига ҳамоҳанг равишда «Сен баҳорни соғинмадингму?», дея номланди. Фольклор этнографик дасталар ва бадиий жамоалар саҳнада баҳор ва Наврўз билан боғлиқ анъаналар ва урф-одатларни, миллий тўй ва маросимларни намойиш этишди. Таниқли санъаткорларнинг Ватанни, Наврўз ва муҳаббатни мадҳ этган чиқишлари қалбларни тўлқинлантириб юборди. Дилрабо куй-қўшиқлар ва жозибали рақслар барча-барчага хушчақчақлик, байрамона кайфият улашди.
Анъанага кўра, байрам кунларида вилоятимизда кўплаб янги иншоотлар, савдо ва маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари, маҳалла марказлари ва ишлаб чиқариш корхоналари фойдаланишга топширилди. Хусусан, Нуробод туманида Шарқ юлдузи маҳалласи маъмурий биноси, Самарқанд туманида туман архиви, Пайариқ туманида 1-сон фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш бўлими, Булунғур туманида «Булунғур мебель сервис» хусусий корхонаси ва шу каби элликка яқин бошқа объектлар халқимизга Наврўз туҳфаси бўлди.
Вилоятимизда, унинг узоқ-яқин шаҳар ва қишлоқларида байрам шодиёналари давом этмоқда. Унинг файзи, таровати қалбларимизни йил бўйи тарк этмасин!

Акрам ҲАЙДАРОВ,
«Зарафшон» мухбири.