Uz Eng Ru Ru
Biz bilan aloqa
 Adobe Flash Player

Samarqand viloyati hokimining qarori

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИНИНГ 2013 ЙИЛ 20 МАРТДАГИ Ф-3987-СОНЛИ “ДАВЛАТ ҲОКИМИЯТИ ВА БОШҚАРУВ ОРГАНЛАРИ ФАОЛИЯТИНИНГ ОЧИҚЛИГИ ТЎҒРИСИДА”ГИ ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ҚОНУНИ ЛОЙИҲАСИ СИНОВИ БЎЙИЧА ҲУҚУҚИЙ ЭКСПЕРИМЕНТ ЎТКАЗИШ ҲАҚИДА”ГИ ФАРМОЙИШИ ТЎҒРИСИДА

Сўз ва ахборот эркинлигини, давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари фаолиятининг, мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотлар сиёсатининг очиқлигини таъминлаш, давлат органлари томонидан қабул қилинаётган, фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига дахлдор бўлган қарорлар тўғрисида аҳолини хабардор этишда оммавий ахборот воситаларининг, фуқаролик жамияти институтларининг ролини ошириш ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2013 йил  20 мартдаги Ф-3987-сонли “Давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни лойиҳаси синови бўйича ҳуқуқий эксперимент ўтказиш ҳақида”ги Фармойиши ижросини таъминлаш мақсадида

ҚАРОР  ҚИЛАМАН:

1. Ўзбекистон  Республикаси  Президентининг 2013 йил 20 мартдаги Ф-3987-сонли “Давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни лойиҳаси синови бўйича ҳуқуқий эксперимент ўтказиш ҳақида”ги Фармойиши раҳбарлик ва ижро учун қабул қилинсин.

2. Мазкур фармойиш билан: 
қуйидагилар ҳуқуқий экспериментнинг асосий вазифалари: 
қонун лойиҳасининг давлат органлари фаолиятининг очиқлигини, шаффофлигини, уларнинг фаолияти тўғрисидаги ахборотдан оммавий ахборот воситалари, фуқаролик жамияти институтлари, аҳоли (ахборотдан фойдаланувчилар) кенг фойдаланишини таъминлашга қаратилган қоидалари самарадорлигини аниқлаш, бу қоидаларга амалий жиҳатдан ишлов бериш;
қонун лойиҳасининг қоидаларини, шу жумладан давлат ҳокимияти ва бошқарув субъектларининг, шунингдек ушбу субъектлар фаолияти тўғрисида ахборот олишдан манфаатдор бўлган оммавий ахборот воситалари, фуқаролик институтлари, аҳолининг ҳуқуқ ва мажбуриятларини белгиловчи нормаларни такомиллаштириш, уларни амалга оширишнинг самарали ташкилий-ҳуқуқий механизмларини яратиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;
қонун лойиҳаси нормалари амалга оширилишининг давлат бошқаруви тизими барқарор фаолият юритишига, бу соҳадаги ахборот хавфсизлигини таъминлашга кўрсатиши мумкин бўлган таъсири оқибатларини баҳолаш деб белгиланганлиги;
“Давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни лойиҳаси синови бўйича ҳуқуқий эксперимент ўтказиш тартиби ушбу фармойиш билан (1-илова)  тасдиқланганлиги;
ҳуқуқий эксперимент 2013 йилнинг мартидан декабригача бўлган даврда ўтказилиши белгилаб қўйилганлиги ва қуйидагиларни ўз ичига олиши:
тайёргарлик кўриш босқичи (март-апрель), бу босқич доирасида экспериментнинг ташкилий-ҳуқуқий базаси тайёрланади, давлат ҳокимияти ва бошқарув органларининг қонун лойиҳаси нормаларида белгиланган очиқлик режимида фаолият кўрсатишига доир регламентларига ишлов берилади, жамоатчилик, фуқаролик жамияти институтлари мазкур экспериментнинг вазифалари, мақсади, тартиби ва бошланиши ҳақида хабардор этилиши;
асосий босқич (май-ноябрь), бу босқич маҳаллий давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари, шунингдек ОАВ, фуқаролик жамияти институтлари ҳамда бошқа ахборотдан фойдаланувчилар фаолиятини Эксперимент ўтказиш тартибига мувофиқ ташкил этишга, ҳокимият, бошқарув тузилмалари фаолияти очиқлигини таъминлашнинг қонун лойиҳасида назарда тутилган шакллари ва усулларига ишлов бериш, шу жумладан, ушбу тузилмалар томонидан ижтимоий-иқтисодий ривожланиш борасидаги вазифаларни амалга ошириш масалалари ҳамда жамоатчилик учун қизиқарли бўлган бошқа масалалар бўйича интервью, матбуот анжуманлари, брифинглар ўтказиш, шунингдек, қонун лойиҳаси нормаларининг самарадорлиги бўйича комплекс баҳолар олишга қаратилиши;
якунловчи босқич (декабрь), бу босқич эксперимент натижаларини умумлаштириш ва таҳлил этишни ҳамда қонун лойиҳасини такомиллаштириш бўйича асосли тавсиялар ишлаб чиқишни ўз ичига олиши;
ҳуқуқий экспериментни илмий-услубий жиҳатдан таъминлаш Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Амалдаги қонун ҳужжатлари мониторинги институти ҳамда Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти томонидан амалга оширилиши маълумот учун қабул қилинсин.

3. “Давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни лойиҳаси синови бўйича ҳуқуқий эксперимент ўтказишга доир вилоят ҳокимлиги чора-тадбирларини амалга ошириш жадвали 2-иловага, уни ўтказиш бўйича вилоят ишчи гуруҳи (бундан буён матнда Ишчи гуруҳ деб юритилади) таркиби 3-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

4. Ишчи гуруҳ (В.Рахимов, А.Тамиқаев)га:
Эксперимент ўтказиш тартибида назарда тутилган тадбирларнинг жойларда сифатли ва ўз вақтида амалга оширилишини тизимли ташкил этишни, ушбу экспериментни ўтказишда иштирок этаётган ташкилотлар ва муассасаларнинг, шунингдек маҳаллий давлат ҳокимияти органларида тузиладиган ишчи гуруҳларнинг фаолияти самарали мувофиқлаштирилишини таъминлаш;
маҳаллий ҳокимият, бошқарув тузилмалари фаолиятининг очиқлигини таъминлаш жараёнларининг ҳолати тўғрисидаги ахборот, эксперимент давомида ўтказилган социологик тадқиқотлар, жамоатчилик фикрини ўрганиш натижалари, шунингдек қонун лойиҳаси нормаларининг самарадорлигига доир эксперт баҳолар ҳар томонлама комплекс таҳлил этилиши, умумлаштирилишини таъминлаш чора-тадбирларини амалга ошириш; 
ҳар ойнинг якуни билан кейинги ойнинг 5 санасига қадар ҳуқуқий экспериментнинг бориши тўғрисида Республика Ишчи комиссияга таҳлилий ҳисоботлар, унинг боришига тузатишлар киритиш бўйича таклифлар тайёрлаш ва тақдим этиб бориш;
2013 йилнинг декабр ойи охирида  ҳуқуқий эксперимент ўтказиш якунларини муҳокама қилиш бўйича якуний мажлис тайёрлаш топширилсин.

4. Шаҳар ва туман ҳокимлари эксперимент ўтказиш бўйича ишчи гуруҳлар таркибларини бир ҳафта муддат ичида тасдиқласин, эксперимент ўтказиш тартибида назарда тутилган жамоатчилик, ОАВ, жисмоний ва юридик шахсларнинг давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари фаолияти тўғрисидаги ахборотдан фойдаланиш механизмларини амалга оширишни таъминловчи ички идоравий ҳужжатларни ишлаб чиқсин ҳамда тасдиқласинлар.

5. Вилоят телерадиокомпанияси (А.Аҳмедов), “Самарқанд-СТВ” ижодий уюшмаси (Б.Шарофов), вилоят “Зарафшон”, “Самаркандский вестник” (Ф.Тошев), “Овози Самарқанд” (О.Хидиров) газеталари, вилоят матбуот ва ахборот бошқармаси (Н.Турдибоев) бошқа оммавий ахборот воситалари ҳуқуқий экспериментнинг ўтказилиш жараёни, нодавлат нотижорат ташкилотлари, жамоатчилик ва аҳолининг турли гуруҳлари, манфаатдор шахсларнинг ушбу масала бўйича баҳолари ва фикрлари кенг ёритилишини таъминласин.

6. Ушбу қарор ижросини назорат қилишни ўз зиммамда қолдираман.

Вилоят ҳокими                                                         З.Мирзаев


 Вилоят ҳокимининг 2013 йил 25 мартдаги 77-сонли қарорига 1-илова

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2013 йил 20 мартдаги Ф-3987-сонли Фармойиши билан тасдиқланган

 “Давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни лойиҳаси синови бўйича ҳуқуқий эксперимент ўтказиш 

ТАРТИБИ

1. Ушбу Тартиб “Давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни лойиҳаси синови бўйича ҳуқуқий эксперимент ўтказиш (бундан буён матнда ҳуқуқий эксперимент деб юритилади) механизмларини, изчиллиги ва жадвалини белгилайди.

2. “Давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни лойиҳаси (бундан буён матнда қонун лойиҳаси деб юритилади) синови бўйича ҳуқуқий эксперимент Бухоро ва Самарқанд вилоятлари давлат ҳокимияти органлари негизида (бундан буён матнда ҳуқуқий эксперимент субъектлари деб юритилади) 2013 йил мобайнида ўтказилади.

3. Бухоро ва Самарқанд вилоятлари давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари, давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари фаолияти тўғрисида ахборот олишдан манфаатдор бўлган ОАВ, фуқаролик жамияти институтлари, жисмоний ва юридик шахслар эксперимент иштирокчиларидир (бундан буён матнда эксперимент иштирокчилари деб юритилади).

4. Ҳуқуқий эксперимент давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари фаолиятининг, мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар сиёсатининг шаффофлиги, очиқлигини таъминлашга қаратилган қонун лойиҳаси қоидаларига амалий ишлов бериш, оммавий ахборот воситалари, фуқаролик жамияти институтларининг аҳолини давлат органларининг муҳим социал-иқтисодий, ижтимоий-сиёсий муаммоларни ҳал этиш, мамлакатни демократик янгилаш ва модернизация қилиш соҳасидаги вазифаларни амалга ошириш борасидаги иши тўғрисида хабардор этишдаги роли ва аҳамиятини кучайтириш мақсадида ўтказилади (қонун лойиҳасининг 1-моддаси).

5. Ушбу Тартиб қуйидагиларга нисбатан тадбиқ этилмайди (қонун лойиҳасининг 2-моддаси): 
эксперимент ўтказиш субъектлари томонидан ишлов бериладиган шахсий маълумотлардан фойдаланишни таъминлаш билан боғлиқ бўлган муносабатларга;
эксперимент ўтказиш субъектлари томонидан фуқароларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш тартибига; 
эксперимент ўтказиш субъектлари томонидан давлат ҳокимияти ва бошқарувнинг бошқа органларига ўз ваколатларини амалга ошириш билан боғлиқ фаолияти тўғрисидаги ахборотни тақдим этиш тартибига;
эксперимент ўтказиш субъектларининг фаолияти тўғрисидаги ахборотнинг айрим турларига, бу ахборотларни тақдим этиш тартибининг ўзига хос хусусиятлари бошқа қонун ҳужжатлари билан тартибга солинади.

6. Ҳуқуқий экспериментнинг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:
қонун лойиҳасининг давлат органлари фаолиятининг очиқлигини, шаффофлигини, улардан оммавий ахборот воситалари ва фуқаролик жамияти институтлари кенг фойдаланишини таъминлашга қаратилган нормалари самарадорлигини аниқлаш;
қонун лойиҳаси нормалари ва қоидаларини такомиллаштириш, уларни самарали қўллаш механизмларини яратиш, шунингдек қонун ижодкорлиги жараёнига ҳуқуқий эксперимент усулларини жорий этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;
давлат органлари раҳбарлари ўзи қабул қилаётган қарорларнинг, энг аввало, бевосита одамлар манфаатларига, жамоатчиликка дахлдор масалалар бўйича қабул қилинаётган қарорларнинг мазмун-моҳиятини матбуот анжуманлари, брифинглар, интервьюлар орқали тушунтириш борасидаги ишларда фаол иштирок этишини рағбатлантиришнинг самарали ташкилий- ҳуқуқий механизмларини, усулларини ишлаб чиқиш;
миллий матбуотнинг давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари фаолиятини, мамлакатимизнинг ташқи ва ички сиёсатини ёритиш сифатини ва самарадорлигини мунтазам ошириб боришга қаратилган, журналистларнинг касбий фаолияти соҳасида ўзини ўзи тартибга солишнинг (касбий этика кодексининг) турли механизмларини амалиётда синовдан ўтказиш;
қонун лойиҳаси нормалари амалга оширилишининг давлат бошқарув тизими барқарор фаолият юритишига, бу соҳадаги ахборот хавфсизлигини таъминлашга кўрсатиши мумкин бўлган таъсири оқибатларини баҳолаш.

7. Эксперимент ўтказиш субъектлари фаолияти очиқлигини таъминлашнинг асосий принциплари (қонун лойиҳасининг 3-моддаси) қуйидагилардан иборат:
давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари фаолиятининг шаффофлиги, ошкоралиги, очиқлиги ҳамда ишончлилиги;
давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари фаолияти тўғрисидаги ахборотни излаш, олиш, бериш ва тарқатиш эркинлиги;
давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари фаолияти тўғрисидаги ахборотни тақдим этишда фуқароларнинг шахсий ҳаёти дахлсизлигига, шаъни ва ишчанлик обрўсини ҳимоя қилиш, юридик шахсларнинг ўз ишчанлик обрўсини ҳимоя қилишга бўлган ҳуқуқларига риоя этилиши.

8. Эксперимент ўтказиш субъектлари фаолиятининг очиқлиги қуйидаги асосий усуллар билан таъминланади (қонун лойиҳасининг 9-моддаси):

эксперимент ўтказиш субъекти фаолияти тўғрисидаги ахборотни эълон қилиш (чоп этиш), шу жумладан оммавий ахборот воситаларида ваколатли мансабдор шахсларнинг чиқишлари ва баёнотлари орқали эълон қилиш (чоп этиш);
эксперимент ўтказиш субъектларининг фаолияти тўғрисидаги ахборотни расмий веб-сайтга жойлаштириш ва янгилаш;
эксперимент ўтказиш субъектларининг фаолияти тўғрисидаги ахборотни махсус ажратилган биноларга ва жойларга жойлаштириш;
эксперимент ўтказиш субъектларининг фаолияти тўғрисидаги ахборотни ахборот-кутубхона ва архив фондлари орқали тақдим этиш;
жисмоний шахслар ва юридик шахсларнинг вакиллари, шунингдек ОАВ вакиллари эксперимент ўтказиш субъектларининг коллегиал органлари мажлисларига киритилишини таъминлаш;
жисмоний ва юридик шахсларнинг, оммавий ахборот воситаларининг сўровлари асосида оғзаки ва ёзма шаклда ахборот тақдим этиш;
эксперимент субъектлари томонидан ташкил этиладиган тадбирлар (матбуот анжуманлари, брифинглар, интервьюлар ва бошқалар) тўғрисида ОАВни олдиндан хабардор этиш.

9. Эксперимент ўтказиш субъектлари ўз расмий веб-сайтларида қуйидаги ахборотнинг жойлаштирилишини ва тизимли равишда янгилаб борилишини таъминлаши шарт (қонун лойиҳасининг 11-моддаси): 
давлат ҳокимияти ва бошқарув органларининг тузилмаси, вазифалари, ҳуқуқлари, мажбуриятлари, реквизитлари, раҳбарияти тўғрисидаги ахборот;
давлат ҳокимияти ва бошқарув органининг иш тартиби, шу жумладан фуқароларни қабул қилиш тартиби;
давлат ҳокимияти ва бошқарув органи томонидан қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисидаги ахборот ҳамда унинг матнлари;
давлат ҳокимияти ва бошқарув органи томонидан кўрсатиладиган хизматларнинг рўйхати ва хизмат кўрсатиш тартиби;
давлат ҳокимияти ва бошқарув органи тасарруфидаги ахборот тизимлари ва ахборот ресурсларининг (маълумотлар банклари, реестрлар, регистрлар) рўйхати;
расмий тадбирлар (мажлислар, учрашувлар, брифинглар, коллегиялар ва бошқалар), шунингдек давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари раҳбарларининг ташрифлари тўғрисидаги маълумотлар;
давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари тўғрисидаги таҳлилий маърузалар, ахборот тусидаги шарҳлар;
давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари ваколатига тааллуқли давлат дастурларининг ҳамда бошқа дастурларнинг амалга оширилиши тўғрисидаги, шунингдек ҳисобот давридаги ўз фаолият режалари ҳақидаги маълумотлар;
давлат ҳокимияти ва бошқарув органи томонидан ўтказиладиган очиқ танловлар, аукционлар ва бошқа тадбирлар тўғрисидаги маълумотлар;
фуқароларнинг мурожаатларини ва фойдаланувчиларнинг сўровларини кўриб чиқиш тартиби, шунингдек тегишли сўровни расмийлаштиришнинг намунавий нусхаси; 
давлат ҳокимияти ва бошқарув органига келиб тушган мурожаатлар ҳамда сўровларни кўриб чиқиш натижалари тўғрисидаги умумлаштирилган ахборот.
Расмий веб-сайтда қонун ҳужжатларига мувофиқ давлат ҳокимияти ва бошқарув органининг фаолияти тўғрисидаги бошқа ахборот ҳам жойлаштирилиши мумкин.
Расмий веб-сайтдаги ахборот давлат тилида тақдим этилиши керак. Расмий веб-сайт бошқа тиллардаги версияларга ҳам эга бўлиши мумкин.
Давлат ҳокимияти ва бошқарув органи томонидан расмий веб-сайтга жойлаштириладиган ахборотнинг санаси кўрсатилиши ва мунтазам равишда янгилаб турилиши керак. Ахборотни янгилаш даврийлиги давлат ҳокимияти ва бошқарув органи томонидан белгиланади, бироқ бу даврийлик ҳафтасига камида бир мартани ташкил этиши лозим.
Давлат ҳокимияти ва бошқарув органининг раҳбари расмий веб-сайтда жойлаштириладиган ахборотнинг ҳаққонийлиги учун жавобгардир.

10. Расмий сайтда жойлаштирилган асосий ахборотдан фойдаланиш эркин ва бепул бўлиши керак
Давлат органининг норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан ўтказилганидан кейин кўпи билан икки кун ичида ўзининг расмий сайтида жойлаштирилиши керак.
Ҳуқуқий эксперимент субъектлари:
расмий сайтдаги мавжуд ахборотни шакллантириш, жойлаштириш, шунингдек янгилаш учун масъул шахсларни (бўлинмаларни) белгилайди;
ўзининг расмий сайтида жойлаштирилган ахборот йўқ қилиниши, блокировка қилиниши, бузиб кўрсатилиши, қалбакилаштирилиши ва бошқа шакллардаги рухсатсиз аралашувнинг олдини олиш юзасидан тегишли муҳофаза чораларини кўради.
Расмий сайт ахборотининг мазмуни унинг фаолияти холисона ёритилишини таъминлаши керак.
Ҳуқуқий эксперимент субъектининг расмий сайтида жойлаштирилган ахборот:
ҳаққоний бўлиши;
оммавий ахборот воситаларида ёритиладиган ахборот билан бир хил кучга эга бўлиши керак.
Ҳуқуқий эксперимент субъектининг расмий сайти давлат сирлари жумласига киритилган ахборотни ва қонун ҳужжатларида тақиқланган бошқа ахборотни ўз ичига олмаслиги керак.

11. Ҳуқуқий экспериментни амалга ошириш доирасида аҳолини, жамоатчиликни, фуқаролик жамияти институтларини экспериментнинг вазифалари, мақсадлари, тартиби ва бориши ҳақида мунтазам равишда хабардор қилиб бориш, журналистлар томонидан эксперимент ўтказилаётган субъектларнинг раҳбарларига бевосита саволлар йўллаш, Ишчи комиссия аъзолари, экспертлар ва бошқаларнинг тезкор ахборот соҳасида ҳамкорлик қилиш имкониятини берувчи махсус Интернет-сайт ташкил этилади.
Ҳуқуқий экспериментнинг махсус Интернет-сайтини бошқариш Ўзбекистон Республикаси алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари давлат қўмитаси томонидан амалга оширилади.

12. Юридик ҳамда жисмоний шахслар ҳуқуқий эксперимент субъектларининг фаолияти тўғрисидаги жорий ахборот билан танишиши учун махсус ажратилган хоналар ва жойларда ахборот стендлари ва (ёки) шунга ўхшаш мақсадга мўлжалланган бошқа техник воситалар ўрнатилади (қонун лойиҳасининг 12-моддаси). Мазкур ахборот эксперимент ўтказилаётган субъектнинг иш тартибини, шу жумладан фуқароларни қабул қилиш тартибини, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш тартибини, эксперимент ўтказилаётган субъект томонидан кўрсатиладиган хизматлар рўйхатини ва хизматлар кўрсатиш тартибини, қонун ҳужжатларига мувофиқ, эксперимент ўтказилаётган субъектнинг фаолияти тўғрисидаги бошқа ахборотни ўз ичига олган бўлиши керак.

13. Эксперимент ўтказилаётган субъектлар жисмоний ва юридик шахсларга идоравий архив фондларидан фойдаланишни таъминлайди (қонун лойиҳасининг 13-моддаси). 
Идоравий архивлардан фойдаланишга доир хизматларни кўрсатиш қуйидаги йўллар билан амалга оширилади

  • архив ҳужжатларидан фойдаланиш имкониятини бериш ва фойдаланувчиларга ўқиш залида хизмат кўрсатиш;
  • ижтимоий-ҳуқуқий хусусиятдаги сўровларни бажариш, хусусан, иш стажини тасдиқлаш ҳақида, 10 йиллик давр учун иш ҳақи тўғрисида, юридик шахснинг номи ўзгартирилгани ҳақида, таълим муассасаларида ўқиганликни тасдиқлаш тўғрисида, мукофотлар ҳақида архив маълумотномаларини бериш;
  • давлат ҳокимияти ва бошқарувнинг тегишли органларига архив маълумотномаларини ҳамда архив ҳужжатининг қоғоз ва электрон жисмлардаги кўчирма нусхаларини бериш;
  • ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг аризалари бўйича архив ҳужжатларини 3 ойгача бўлган муддатга вақтинча фойдаланишга бериш;
  • Ўзбекистон Республикасининг Миллий архив фонди таркибига киритилган ҳужжатларни белгиланган идоравий сақлаш муддати ўтганидан кейин архивларни жамлаш манбаларидан доимий сақлаш учун тартибга келтирилган ҳолатда қабул қилиб олиш.

Ҳуқуқий эксперимент субъектларининг идоравий архивлари хизматлар кўрсатиш чоғида архив ахбороти жойлаштирилган жисмнинг шикастланиши, унинг йуқотилиши ва (ёки) бузиб кўрсатилиши эҳтимолини истисно этган ҳолда, вақтинча ёки доимий сақланиши лозим бўлган архив ҳужжатларининг бир бутунлигини таъминлашга қаратилган тегишли чора-тадбирларни кўриши лозим.
Қуйидагиларга:

  • архивлардан фойдаланишда архив ҳужжатларининг сақланиши ва хавфсизлигини таъминлаш талабларига зид бўлган хизматларни кўрсатишга;
  • Ўзбекистон Республикаси Миллий архив фондининг давлатга тегишли қисми таркибига киритилган ҳужжатларнинг эгалари ҳисобланувчи ташкилотларга ҳуқуқий эксперимент субъекти жамлаш манбаи бўлган давлат архивининг розилигисиз ҳужжатларни жамлаш ва уларнинг қимматлилигини аниқлаш экспертизаси бўйича хизматлар кўрсатишга;
  • ташкилотлар ҳужжатларини тартибга солиш мазкур соҳада ишлаш учун аттестациядан ўтказилмаган мутахассислар томонидан, шунингдек архив мутахассислари бўлмаган ёки ҳуқуқий эксперимент субъектининг архиви билан меҳнат шартномаси тузмаган шахслар томонидан амалга оширилишига;
  • доимий ва вақтинча сақланадиган ҳужжатларни тартибга солмасдан ҳужжатларни йўқ қилиб ташлашга танлаб олиш бўйича хизматлар кўрсатишга йўл қуйилмайди.

14. Эксперимент ўтказилаётган субъектлар коллегиал органларининг мажлислари очиқ ўтказилади, қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно (қонун лойиҳасининг 14-моддаси). Эксперимент ўтказилаётган субъектлар очиқ мажлисларда жисмоний шахслар ва юридик шахсларнинг вакиллари иштирок этиши имкониятини таъминлайди. Эксперимент ўтказилаётган субъектлар, шунингдек очиқ коллегиал мажлисларни сигнални эксперимент ўтказилаётган субъектларнинг бошқа хоналарида (биноларида) жойлаштирилган радио-телеприёмникларга тўғридан-тўғри олиб эшиттириш орқали кузатиб бориш имкониятини ташкил этишга ҳам ҳақлидир.

15. Жисмоний ва юридик шахслар эксперимент ўтказилаётган субъектларнинг фаолияти тўғрисида оғзаки ёки ёзма (шу жумладан, электрон шаклда) сўров билан ҳам бевосита, ҳам ўз вакили орқали мурожаат этиш ҳуқуқига эга (қонун лойиҳасининг 15-моддаси). 
Жисмоний ва юридик шахсларнинг сўрови рўйхатга олинган кундан эътиборан ўн беш кундан ошмаган муддатда кўриб чиқилиши керак. Оммавий ахборот воситаларининг эксперимент ўтказилаётган субъектларнинг фаолияти тўғрисидаги, шунингдек эксперимент ўтказилаётган субъектларнинг мансабдор шахслари билан суҳбат (интервью) уюштириш тўғрисидаги сўрови етти кундан ошмайдиган муддатда кўриб чиқилади (қонун лойиҳасининг 15-моддаси). 
Агар сўров эксперимент ўтказилаётган субъектнинг ваколатига тааллуқли бўлмаса, у сўровни рўйхатга олинган кундан эътиборан уч кун ичида, сўралаётган ахборотни бериш қайси орган ваколатига киритилган бўлса, шу органга юборади ва бу ҳақда жисмоний ёки юридик шахсни хабардор қилади.
Агар эксперимент ўтказилаётган субъект сўралаётган ахборотга эга бўлмаса ёки олинган сўров бўйича давлат ҳокимияти ва бошқарув бошқа органининг ваколати ҳақида маълумотларга эга бўлмаса, унда сўров рўйхатга олинган кундан эътиборан уч кун ичида жисмоний ва юридик шахсга тегишли жавоб йўлланади. 
Сўров рад этилган тақдирда, жисмоний ва юридик шахсга рад этишнинг асосли сабаблари кўрсатилган ҳолда тегишли жавоб йўлланади.

16. Жисмоний шахснинг сўровида фуқаронинг фамилияси, исми, отасининг исми, яшаш жойи тўғрисидаги маълумотлар кўрсатилиши, сўровнинг  моҳияти   баён   этилган    бўлиши  керак (қонун лойиҳасининг 16-моддаси). 
Юридик шахснинг сўровида мазкур сўровни амалга ошираётган ташкилотнинг номи, юридик манзили, мансабдор шахснинг фамилияси ва исми-шарифининг бош ҳарфлари кўрсатилиши, сўровнинг моҳияти баён этилган бўлиши керак.
Ахборотдан фойдаланувчининг юқорида кўрсатилган, шахсини билиш имкониятини берувчи маълумотларни ўз ичига олмаган сўров аноним ҳисобланади ва кўриб чиқилмайди. 
Сўров эксперимент ўтказилаётган субъект номига ёки унинг сўровда қўйилган масалалар юзасидан ахборот бериш ваколатига эга бўлган мансабдор шахси номига йўлланади.
Белгиланган тартибда берилган сўров кўриб чиқилиши шарт.

17. Эксперимент ўтказилаётган субъектлар фаолияти тўғрисида ахборот излаётган жисмоний ёки юридик шахслар қуйидагиларга ҳақли (қонун лойиҳасининг 5-моддаси): 
эксперимент ўтказилаётган субъектлар фаолияти тўғрисида ишончли ахборот олиш;
эксперимент ўтказилаётган субъектлар тўғрисида ахборот олишдан воз кечиш;
эксперимент ўтказилаётган субъектларнинг жисмоний ёки юридик шахсларнинг экспериментни ўтказувчи субъектлар фаолияти тўғрисидаги ахборотни олишга бўлган ҳуқуқини ва уни рўёбга чиқаришнинг белгиланган тартибини бузувчи ҳужжатлари ва (ёки) ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан белгиланган тартибда шикоят қилиш, шу жумладан юқори органларга шикоят қилиш.

18. «Давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни лойиҳаси нормалари синови бўйича ҳуқуқий экспериментни ўтказувчи Ишчи комиссия ҳуқуқий эксперимент якунлари умумлаштирилишини ва қонун лойиҳаси нормалари маромига етказилишига доир таклифлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2011 йил 14 январдаги Р-3560-сонли Фармойишига биноан тузилган Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини тайёрловчи комиссияга топширилишини таъминлайди.

19. Ҳуқуқий эксперимент «Давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни лойиҳаси нормалари синови бўйича ҳуқуқий экспериментни ўтказишга доир чора-тадбирларни  рўёбга чиқариш жадвалига мувофиқ амалга оширилади (1-илова).


 

“Давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни лойиҳаси синови бўйича ҳуқуқий эксперимент ўтказишга доир чора-тадбирларни амалга ошириш 
ЖАДВАЛИ

Тадбирлар номи

Масъул ижрочилар

Ўтказиладиган муддатлар

Амалга ошириш шакли

I. Эксперимент ўтказишга тайёргарлик кўриш бўйича ташкилий-техник тадбирлар

1

Вилоят ҳокимлиги ишчи гуруҳини тузиш.

В.Рахимов, А.Тамиқаев

Икки кун муддатда

Ташкилий йиғилиш ўтказилади

2

Ишчи гуруҳининг ташкилий йиғилишини ўтказиш, ҳуқуқий экспериментни ташкил этиш ва ўтказиш бўйича Ишчи гуруҳи аъзолари вазифаларини тақсимлаш.

В.Рахимов,
А.Тамиқаев

Бир ҳафта муддатда

Ҳуқуқий эксперимент ўтказиш субъекти тегишли норматив- ҳуқуқий ҳужжати ишлаб чиқилади 

3

Тартибга асосан Ишчи гуруҳининг тадбирлар  режасини тузиш .

В.Раҳимов,
А.Тамиқаев

Бир ҳафта муддатда

Ҳуқуқий экспериментни ўтказиш тизими белгиланади.

4

Ҳуқуқий эксперимент ўтказиш мақсадлари, вазифалари ва қоидалари тўғрисида вилоят ҳокимлиги  бошқарув аппарати ходимлари йўриқномасини ишлаб чиқиш.

А.Тамиқаев,
А.Тошбеков,
Х.Маматов

Уч кун муддатда

Ходимларнинг иш жойларида улар билан махсус ўқув семинарлари ва тренинглар ўтказилади

II. Давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари фаолиятининг очиқлигини таъминлаш бўйича қонун лойиҳаси нормаларига амалий жиҳатдан ишлов бериш, эксперимент жараёнида уларнинг барқарор фаолият кўрсатишини таъминлаш

5

Жисмоний ва юридик шахсларни эксперимент субъектларининг коллегиал мажлисларига қўйиш тартиби тўғрисидаги вақтинчалик низомни тасдиқлаш (эксперимент ўтказиш вақти).

А.Тошбеков,
Х.Маматов

10 апрелгача

Эксперимент субъекти томонидан тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинади.

6

Ҳуқуқий экспериментнинг оралиқ ва якуний натижаларини ҳисобга олган ҳолда ҳуқуқий эксперимент субъектларининг расмий веб-сайтларини техник жиҳатдан ишлаб чиқишни ва уларнинг контентини тўлдириб боришни такомиллаштиришга доир ишлаб чиқилган тавсияларни амалда қўллаш.

З.Тўйчиев, 
Д.Хўжамбердиев,
У.Нарзуллаев

Ҳар чоракда

Ҳуқуқий эксперимент субъектлари расмий веб-сайтлари техник жиҳаьдан такомиллаштирилади, улар контенти тўлдириб борилади.

7

Жисмоний ва юридик шахсларнинг ахборот-таҳлил ва архив фондларидан фойдаланиш (эксперимент ўтказиш вақтида) имконини берадиган вақтинчалик тартибни ишлаб чиқиш.

Х.Маматов, 
А.Маматов

Ўн кун муддатда

Эксперимент субъекти томонидан тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинади

8

Давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари ахборот хизматлари фаолиятини таҳлил қилиш (уларнинг фаолиятини тартибга солиш бўйича ҳужжатлар), қонун лойиҳаси нормалари талабларига мувофиқ уларни моддий-техник жиҳатдан жиҳозлаш ва юқори малакали кадрлар билан таъминлаш чораларини амалга ошириш.

В.Рахимов,
З.Тўйчиев

Апрел-май

Якуний ҳисобот учун Ишчи гуруҳ томонидан тегишли тавсиялар ишлаб чиқилади

9

Жисмоний ва юридик шахсларнинг давлат ҳокимияти ҳамда бошқарув органлари фаолияти тўғрисидаги ахборотдан фойдаланишига имконият яратиб бериш учун қонун нормалари талабларига мувофиқ махсус ажратилган хоналар ва жойларни ташкил этиш, уларни жиҳозлаш.

В.Раҳимов,
Х.Муҳаммадиев,
Н.Фозилова

Бир ҳафта  муддатда

Якуний ҳисобот учун Ишчи гуруҳ томонидан тегишли тавсиялар ишлаб чиқилади

10

Ҳуқуқий эксперимент ўтказиш субъектлари раҳбарлари томонидан қонун лойиҳаси нормаларига мувофиқ давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари фаолияти тўғрисида жамоатчиликни бевосита хабардор қилишнинг самарали шакллари ва механизмларига ишлов бериш мақсадида ОАВ ходимлари билан матбуот анжуманлари, брифинглар ва   интервьюлар уюштириш, семинарлар ўтказиш.

М.Ибодуллаев

Алоҳида тасдиқланган жадвал 
бўйича

Ҳуқуқий эксперимент субъектлари раҳбарлари томонидан матбуот анжумани, интервью ва брифинглар ўтказиш амалиёти таҳлил қилиниб, Ишчи комиссияга тавсиялар берилади

11

Давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари фаолиятининг очиқлигини таъминлаш бўйича фаолиятда замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланишни синаб кўриш мақсадида эксперимент ўтказиш субъектлари раҳбарларининг вилоят, туман оммавий ахборот воситалари журналистлари ҳамда интернет тармоқлари жамоатчилиги билан он-лайн видеоконференцияларини ўтказиш.

А.Аҳмедов,
Б.Шаропов, 
У.Нарзуллаев

Алоҳида тасдиқланган жадвал бўйича

Эксперимент ўтказиш субъектлари раҳбарларининг ОАВ журналистлари ва интернет тармоғи жамоатчилиги билан видео- конференциялар ўтказиш амалиёти асосида Ишчи комиссия томонидан якуний ҳисоботга киритиладиган тавсиялар тайёрланади

12

Ҳуқуқий эксперимент ўтказиш субъектлари веб-сайтларини мониторинг қилиш гуруҳини тузиш.

М.Восеев

Уч кун муддатда

Эксперимент ўтказиш субъектлари веб-сайтлари фаолияти мунтазам мониторинг қилиб борилади

III. Қонун лойиҳаси нормаларини такомиллаштириш бўйича таклифларни, эксперимент натижалари ва якунларини умумлаштириш

13

Эксперимент ўтказиш якунларини муҳокама қилиш бўйича якуний мажлис тайёрлаш.

 
В.Рахимов, 
А.Тамиқаев

2013 йил декабр ойида

Қонун лойиҳасини такомиллаштириш бўйича келиб тушган таклифлар ва тавсияларни ҳисобга олган ҳолда эксперимент ўтказиш якунлари муҳокама қилинади ҳамда якуний мажлис ўтказилади

 


 Вилоят ҳокимининг 2013 йил 25 мартдаги 77-сонли қарорига 3-илова

 “Давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни лойиҳасининг нормалари синови бўйича ҳуқуқий экспериментини ўтказувчи вилоят Ишчи гуруҳи

ТАРКИБИ

1

З.Мирзаев

Самарқанд вилояти ҳокими, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси, Ишчи гуруҳ раҳбари

2

В.Рахимов

Вилоят ҳокимининг ўринбосари, Ишчи гуруҳ раҳбарининг ўринбосари

3

А.Тамиқаев

Вилоят ҳокимлиги Ташкилий-назорат гуруҳи раҳбари

4

Х.Муҳаммадиев

Вилоят ҳокимининг маънавий-маърифий масалалар бўйича ёрдамчиси

5

М.Ибодуллаев

Вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари, Ишчи гуруҳ масъул котиби

6

А.Тошбеков

Вилоят ҳокимлиги юристи

7

Х.Маматов

Вилоят Адлия бошқармаси бошлиғи

8

Ф.Тошев

вилоят «Зарафшон» ва «Самаркандский вестник» газеталари бирлашган таҳририяти бош муҳаррири, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси

9

А.Аҳмедов

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмасининг вилоят бўлими раиси, вилоят телерадиокомпанияси директори, халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати

10

Ш.Садиков

Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг депутати, Қонунийлик, ҳуқуқ-тартибот ва фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш масалалари бўйича доимий комиссияси раиси

11

Ў.Саидмуродов

Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг депутати, Саноат, транспорт, қурилиш, алоқа, коммунал хўжалик ҳамда аҳолига хизматлар кўрсатиш масалалари бўйича доимий комиссияси раиси

12

Т.Эшмонов

Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг депутати, Қонунийлик, ҳуқуқ-тартибот ва фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш масалалари бўйича доимий комиссияси котиби

13

А.Умаров

Вилоят Халқ таълими бошқармаси бошлиғи

14

М.Холмуҳаммедов

Вилоят Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими бошқармаси бошлиғи

15

У.Тошкенбоев

Самарқанд давлат университети ректори

16

У.Нарзуллаев

Тошкент давлат ахборот технологиялари университети Самарқанд филиали директори

17

А.Пардаев

Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти Самарқанд вилоят ҳудудий бўлинмаси раҳбари

18

Д.Хўжамбердиев

Ўзбекистон Республикаси Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари давлат қўмитаси Самарқанд вилоят ҳудудий бошқармаси бошлиғи в.б.

19

А.Маматов

Самарқанд вилоят архив иши ҳудудий бошқармаси бошлиғи

20

З.Тўйчиев

Вилоят «Компьютерлаштириш маркази» давлат унитар корхонаси директори

21

Б.Шарофов

«Самарқанд-СТВ» телевизион ижодий уюшмаси бадиий кенгаши раиси, халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати

22

Н.Турдибоев

Вилоят Матбуот ва ахборот бошқармаси бошлиғи

23

Н.Фозилова

“Тасвирий ойина" ижодий уюшмаси вилоят бўлими раҳбари

 Эслатма. Ишчи гуруҳи аъзолари бошқа ишга ўтган тақдирда, уларнинг лавозимига тайинланган шахслар ёки зиммасига тегишли вазифаларни бажариш юклатилган шахслар комиссия таркибига киритилади.