Uz Eng Ru Ru
Biz bilan aloqa
 Adobe Flash Player

Спорт баркамол авлодни тарбиялашнинг энг муҳим ва самарали омилидир

ХАЛҚ СЎЗИ 2013 ЙИЛ 16 МАРТ № 52

Президент Ислом Каримов раислигида 15 март куни Оқсаройда 

Ўзбекистон Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси 

Ҳомийлик кенгашининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.


Мамлакатимизда жисмонан ва маънан соғлом, ҳеч кимдан кам бўлмаган авлодни тарбиялашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Зеро, юксак маънавиятли, ҳар томонлама баркамол авлодни вояга етказиш Ватанимиз келажагини таъминлаш ва барча эзгу мақсадларимизни рўёбга чиқаришнинг муҳим омилидир. Бу олижаноб мақсад йўлида кенг қамровли ишлар амалга оширилмоқда. Оила, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, болалар спортини ривожлантириш, таълим тизимини такомиллаштириш каби йўналишлардаги изчил ислоҳотлар ўзининг юксак самараларини бераётир.

Фарзандларимизни юксак билимли ва заковатли, жисмонан бақувват инсонлар этиб камолга етказишнинг бош омили — болалар спортини ривожлантириш масаласи давлатимиз ва жамиятимизнинг доимий диққат-эътиборида бўлиб келмоқда. Бугунги кунда болалар спорти мамлакатимиз таълим-тарбия тизимининг узвий қисмига айланиб, ушбу соҳа билан мутаносиб равишда изчил ривожлантирилмоқда.  
Давлатимиз раҳбарининг 2002 йил 24 октябрда қабул қилинган “Ўзбекистон Болалар спортини ривожлантириш жамғармасини тузиш тўғрисида”ги ва 2004 йил 29 августда қабул қилинган “Ўзбекистон Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонлари бу борада муҳим дастуриламал бўлаётир. Ўзбекистон Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси томонидан ёшларимиз ўртасида спортни оммалаштириш, болалар спортини комплекс ривожлантириш бўйича аниқ мақсадга йўналтирилган ишлар олиб борилмоқда.
Мажлисда Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов маъруза қилди. 
Давлатимиз раҳбари  мазкур Жамғарма фаолият кўрсатаётганига ўн йил тўлганини қайд этиб, ўтган даврда бу борада амалга оширилган кенг кўламли ишлар, уларнинг аҳамияти ва амалий натижалари хусусида атрофлича фикр юритди.
Йиғилишда болалар спорти объектларини тасдиқланган нормативларга мувофиқ зарур спорт инвентарлари ва ускуналари билан жиҳозлаш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Бу йўналишда амалга оширилаётган изчил чора-тадбирлар натижасида фойдаланишга топширилаётган болалар спорти объектлари, авваламбор, мамлакатимизда ишлаб чиқарилган спорт инвентарлари ва ускуналари билан жиҳозланди ва қайта жиҳозланмоқда. Бугунги кунда 120 турдаги спорт инвентарлари ва ускуналарининг 114 таси мамлакатимиз корхоналарида ишлаб чиқарилаётгани соҳадаги муҳим натижалардан бири сифатида эътироф этилди.
Давлатимиз раҳбари мамлакатимизда ишлаб чиқарилаётган спорт анжомларининг турини янада кенгайтириш, уларнинг сифатини янада яхшилаш, шу соҳада фаолият олиб бораётган маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш масаласига доимий эътибор қаратиш зарурлигини алоҳида таъкидлади.
Мажлисда Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан болалар спорти объектлари, сузиш ҳавзалари ҳамда болалар мусиқа ва санъат мактабларини қуриш, реконструкция қилиш ҳамда капитал таъмирлаш дастурини амалга ошириш, Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси маблағларидан мақсадли ва самарали фойдаланиш, малакали спорт мураббийлари, айниқса, аёл спорт устозларини тайёрлаш, қизларни спорт билан шуғулланишга кенг жалб қилиш, спорт иншоотларидан фойдаланишнинг самарадорлиги ва спорт билан оммавий шуғулланиш бўйича амалга оширилаётган ишларнинг натижалари атрофлича таҳлил қилинди ва устувор вазифалар белгилаб олинди.
Муҳокама этилган масалалар юзасидан Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари, молия вазири Р. Азимов, Бош вазир ўринбосарлари Б. Зокиров, Э. Боситхонова, А. Икромов, қатор вазирлик ва идоралар раҳбарлари, вилоят ҳокимларининг ахборотлари тингланди.
Мажлисда кўрилган масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.

Олим ТЎРАҚУЛОВ,
ЎзА мухбири.