Uz Eng Ru Ru
Biz bilan aloqa
 Adobe Flash Player

Томаш АЯН: Ўзбекистонда спортни ривожлантиришнинг энг тўғри ва самарали йўли танланган

http://www.uzbekistonovozi.uz          09.04.2013

Шу кунларда Тошкентда оғир атлетика бўйича ўсмирлар ўрта­сида жаҳон чемпионати давом этмоқда. Мазкур дунё биринчи­лигида 70 мамлакатдан қарийб 500 нафар спортчи ғолиблик учун курашмоқда. Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги — ЎзА мухбири ушбу нуфузли халқаро спорт анжумани доирасида мамлакатимизда меҳмон бўлиб турган Халқаро оғир атлетика федерацияси президенти, Халқаро олимпия қўмитаси аъзоси Томаш АЯН билан суҳбатлашди.

— Ўзбекистонга илк бор ўтган асрнинг етмишинчи йиллари бошида келган эдим, — дейди Т.Аян. — Ўшанда юртингизнинг самимий, дилкаш ва меҳмоннавоз одамлари менда ниҳоятда илиқ таассурот қолдирганди. Мамлакатингизга иккинчи ташрифим 2011 йилга тўғри келди. Бу вақт оралиғида рўй берган ўзгаришларни таърифлашга сўз ожизлик қилади. Ўзбекистон умуман бошқа мамлакатга айланиб, унинг қиёфаси тубдан ўзгарганига гувоҳ бўлдим. Ҳатто сўнгги икки йилда рўй берган ўзгаришлар ҳам ҳар қандай кишини ҳайратга солади. Биргина пойтахтингиз Тошкент шаҳрининг бугунги таровати, замонавий меҳмонхоналар, янги бино ва иморатлар, файзли кўчалар мамлакатингиз нақадар юқори суръатларда ривожланаётганининг ёрқин далилидир. Ўзбекистондаги тартиб-интизом, тозалик ва озодаликка, саришталикка, одамлар ўртасидаги ўзаро ҳурмат, меҳр ва оқибат, ҳамжиҳатликка жуда-жуда ҳавасим келади. Айниқса, халқингизнинг хушхулқлиги, муомала маданияти, таниш ва нотаниш одамларга ҳамиша ёрдамга тайёрлиги мени ҳайратга солди. Бундай файзиёб ва малоҳатли юртда меҳмон бўлиш одамга ҳузур ва қандайдир илоҳий куч-қувват бахш этади. Эҳтимол бу, илдизларимиз бирлиги, халқларимиз ўртасидаги ўхшаш ва яқин жиҳатлар билан ҳам боғлиқдир. Мен венгрияликман. Аждодларимиз қачонлардир Марказий Осиё, хусусан, Ўзбекистон ҳудудидан ҳозир Венгрия эгаллаб турган ерларга бориб қолганлар. Шу боис Ўзбекистонда меҳмон бўлиш менга алоҳида мамнунлик ва хуш кайфият бағишлайди.

Венгрияда Ўзбекистон ҳа­қида, мустақиллик йилларида мамлакатингизда ҳаётнинг барча жабҳаларида рўй бераётган улкан янгиланишлар ҳамда эришилаётган муваффақиятлар ҳақида яхши билишади. Мен юртингиз барча соҳаларда нақадар жадал суръатларда тараққий этиб бораётганини катта қизиқиш билан кузатиб бораман. Ўзбекистонда тинчлик ва осойишталик ҳукм сураётгани, ўзбек халқи ўз олдига қўйган олижаноб мақсадлар сари собитқадамлик билан интилаётганини алоҳида таъкидлашни истардим. Бунинг натижасида иқтисодиёт, таълим-тарбия ва бош­қа ижтимоий соҳаларда беқиёс ютуқлар қўлга киритилмоқда. Мазкур омиллар мамлакатингизда спортни ривожлантиришда ҳам ғоят муҳим аҳамият касб этмоқда. Буларнинг барчаси Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовнинг буюк даҳоси ва у юритаётган оқилона сиёсатнинг амалдаги натижаларидир.

— Мамлакатимизга ташрифингиз чоғида Президентимиз Ислом Каримов билан учрашиш имкониятига эга бўлдингиз.

— Ўзбекистон Респуб­ликаси Президенти Ислом ­Каримов билан учрашиш шарафига муяс­сар бўлганимдан жуда мамнунман. Давлатингиз раҳбарининг Ўзбекистонда спортни ривожлантириш стратегия­си, спортнинг инсон ҳаёти, айниқса, ёш авлодни жисмоний ва маънавий соғлом ҳамда эркин фикрловчи инсонлар этиб тарбиялашдаги ўрни ва аҳа­мия­ти, юртингизда болалар спортини тараққий эттиришга давлат сиёсати даражасида эътибор қаратилаётганига доир қимматли фикрлари менда улкан қизиқиш уйғотди. Хизмат юзасидан дунё бўйлаб кўп сафар қиламан, турли мамлакатларнинг давлат ва ҳукумат раҳбарлари билан учрашаман. Лекин шуни алоҳида таъкидлаб айтмоқчиманки, болалар спорти ва олимпия ҳаракатини ривожлантириш истиқболлари ҳамда вазифаларини шунчалик кенг кў­ламда белгилаган Йўл­бошчини биринчи бор кўришим. Президент Ислом Каримовнинг болалар спортини ривожлантириш орқали истиқболда юрт тақдири учун масъулиятни ўз зиммасига олишга қодир баркамол авлодни вояга етказиш ҳамда ёшларни тарбиялашни болаликдан бошлаш кераклиги тўғрисидаги ғояси буюк ғоядир. Зеро, давлатингиз раҳбари таъкидлаганидек, болалар ва ёшларнинг спорт билан шуғулланиши уларни кучли ва иродали, ҳаётда учрайдиган синов ва қийинчиликларни енгиб ўтишга қодир инсонлар этиб тарбиялашда ғоят катта аҳамият касб этади.

Ўзбекистонда фаолият кўрсатаётган болалар спор­тини ривожлантириш жамғармасига шахсан Президентнинг ўзи раҳбарлик қилаётгани, ушбу фонд маблағлари болаларнинг соғлом ривожланишига бевосита алоқадор соҳанинг инфратузилмасини ривожлантиришга йўналтирилаётгани таҳсинга сазовордир. Дунёдаги ҳамма мамлакатларда ҳам болалар спортига Ўзбекистондаги каби юксак эътибор қаратилмаётир. Ҳолбуки, инсон салоҳиятига, ёш авлодларнинг бахтли истиқболига йўналтирилган сармоя келгусида ўзининг салмоқли натижаларини беришини мамлакатингиз мисолида яққол кўриш мумкин. Оғир атлетика бўйича ўсмирлар ўртасидаги навбатдаги жаҳон чемпионатининг Ўзбекистонда ўтказилаётгани ҳам бунга далилдир.

— Ўзбекистон мазкур чемпионат мезбони сифатида қандай мезонлар асосида танланди?

— Ўсмирлар ўртасидаги жаҳон чемпионатининг Тошкент шаҳрида ўтказилиши 2011 йили Парижда ўтказилган халқ­аро оғир атлетика федерациясининг Конгрессида эълон қилинган эди. Бу каби йирик спорт мусобақаларига мезбонлик қилиш учун етарли даражада шарт-шароит, спорт тадбири ўтказилиши режалаштирилган мамлакатда тинчлик-осойишталик, барқарорлик мустаҳкам бўлиши шарт. Талаб этиладиган ушбу барча жиҳатлар Ўзбекистонда мавжуд. Бу ердаги спорт иншоотлари юксак халқаро стандартларга жавоб беради. Яна бир муҳим жиҳати, Ўзбекистон спортчиларининг кўплаб халқаро мусобақаларда эришаётган ғалабалари натижасида мамлакатингизнинг дунё спортидаги нуфузи тобора юксалиб бормоқда. Биргина оғир атлетикани оладиган бўлсак, Ўзбекистон терма жамоаси 2011 йили Францияда бўлиб ўтган жаҳон чемпионатида кучли бешликдан ўрин олганлиги ва олти нафар оғир атлетикачи Лондон олимпиадасига йўлланма олганлигини алоҳида таъкидлаш лозим. Агар бугунги кунда федерациямизга дунёнинг икки юзга яқин давлати аъзо эканлигини инобатга оладиган бўлсак, кучлилар сафидан ўрин эгаллаш нақадар қийин эканлиги аён бўлади. Ўзбекистон оғир атлетикачилари сўнгги 6-7 йил ичида ана шундай кучли рақобат шароитида катта ютуқларни қўлга киритаётгани Ўзбекистон спортни ривожлантиришда тўғри йўл танлаганини кўрсатади.

— Мамлакатимизда жаҳон чемпионатига кўрилган тайёргарлик ишлари ҳақида фикрингиз?

— Ўзбекистонда ушбу мусобақани юқори савияда ўтказиш учун ҳамма шароитлар яратилган. Барча ташкилий ишлар жой-жойида, спортчилар, мураббийлар, ҳакамлар, шифокорлар, мутахассисларнинг ўз вазифаларини бажариши учун ҳамма қулайликлар муҳайё. Мазкур мусобақаларда дунёнинг 70 давлатидан беш юзга яқин спортчи иштирок этмоқда. Унда 2014 йили Хитойнинг Нанкин шаҳрида бўладиган иккинчи ўсмирлар олимпия ўйинлари йўлланмалари учун ҳам кураш олиб борилади. Яна бир муҳим жиҳати, ушбу нуфузли спорт форуми юртингизда спортни, жумладан, оғир атлетикани янада ривожлантиришда ғоят катта аҳамият касб этади. Мусобақаларни бевосита ёки ­оммавий ахборот воситалари орқали кузатган ёшларнинг спортнинг бу турига қизиқиши ошиши шубҳасиз. Зеро, оғир атлетика спортнинг бош­қа турлари учун асос ҳисобланади. Чунки барча спорт турлари оғирликни бўйсундиришни ва катта куч ҳамда иродани талаб этади. Ўзбекистонда асос солинган ёшларнинг уч босқичли спорт мусобақаларига, албатта, масаланинг тиббий томонини ҳам эътиборга олган ҳолда, оғир атлетикани ҳам киритиш масаласи кўрилаётганини эшитиб хурсанд бўлдим. Шу ўринда мамлакатингиз раҳбари ғояси ва ташаббуси билан яратилган бу ноёб тизим ёшларни спортга ошно этишда, бу беллашувларда спортчи сифатида шаклланиб, тобланиб келгусида маҳоратли атлетлар бўлиб етишишига хизмат қилишини алоҳида қайд этмоқчиман.

Ўзбекистонга ташрифим мобайнида Президент Ислом ­Каримов билан учрашув, Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси, Ўзбекистон оғир атлетика федерациясида ўтказилган музокаралар, кузатишларим асносида мамлакатингиз спортни ва олимпия ҳаракатини ривожлантиришнинг энг тўғри ва самарали йўлини танлаганига ҳамда бу борадаги вазифалар изчил амалга оширилаётганига гувоҳ бўлдим. Ўзбекистонда ҳамма ҳавас қилса арзийдиган заковатли ва кучли авлод вояга етаётганига амин бўлдим. Бундай давлатнинг келажаги буюк бўлишига шак-шубҳа йўқ.

ЎзА мухбири

Олим ТЎРАҚУЛОВ суҳбатлашди.