Uz Eng Ru Ru
Biz bilan aloqa
 Adobe Flash Player

"O'zbekiston haqida qo'shiq kuylayman"

ХАЛҚ СЎЗИ 2013 ЙИЛ 8 МАЙ № 89  http://www.xs.uz

     Она юртимизда санъатга ихлосманд, ижодий изланишга, яратувчанликка иштиёқи баланд инсонлар кўплаб топилади. Энг муҳими, бугун ижод аҳлининг, қўли гул устаю ҳунармандларимизнинг эмин-эркин фаолият юритиши, ҳалол меҳнат қилиши ва бундан рағбат топиши учун яратилаётган имкониятлар ижобий самара бермоқда. Бебаҳо қадриятларимиз, миллий меросимиз намуналари жаҳон миқёсида танилиб, кўпчиликда ҳайрату ҳавас уйғотаётганлигининг ўзиёқ ана шундан далолатдир.

asrlar

Куни кеча Навоий вилоятининг кўҳна Сармишсой дарасида байрамона халқ сайли тарзида юксак савияда ўтказилган “Асрлар садоси” олтинчи анъанавий маданият фестивалига ҳам кўплаб хорижлик меҳмонлар таклиф этилди. Уларнинг бой ўтмишимиз ва маданиятимиз, халқимизнинг турмуш тарзи, бунёдкорлик салоҳияти ҳамда эришаётган ютуқлари ҳақидаги ёрқин таассуротлари кўнгилда ифтихор ҳиссини уйғотади.

Массимо ГАЛЬФАНО, 
италиялик хонанда:

— Марказий Осиёнинг юраги ҳисобланмиш Ўзбекистон бугун ҳар бир жабҳада илдамлаб бораётган мамлакат сифатида жаҳонга танилмоқда. Мен ҳам интернет орқали юртингизда изчил амалга оширилаётган ислоҳотлар, айниқса, маданий-маърифий соҳаларда эришилаётган ютуқ ва янгиланишлар ҳақида кўпгина маълумотлардан хабардорман.
Фестиваль меҳмони сифатида Ўзбекистонга келиб, буларнинг барига ўзим гувоҳ бўлдим. Аввало, эзгу лойиҳа ва маданий тадбирларга бой ушбу фестивалнинг катта тайёргарлик билан ташкиллаштирилиб, кўтаринки кайфиятда ўтказилганлиги бизда унутилмас таассурот қолдирди. Халқингизнинг самимий, очиқ чеҳраси, меҳмондўстлиги, аждодларга юксак эҳтиромидан бениҳоя таъсирландим. Италияга қайтгач, Ўзбекистон ҳақида қўшиқ яратмоқчиман.

Винние СИН,
малайзиялик тадбиркор:

— Ўзбекистонликларнинг бебаҳо анъана ва қадриятлари, ноёб санъати, гўзал маданияти ҳар қанча эътирофу таҳсинга муносиб. Фестивалда кўплаб ҳунармандлар, оилавий тадбиркорлик билан шуғулланаётган юртдошларингиз билан яқиндан танишиб, халқингизнинг бунёдкорлик салоҳиятига жуда ҳам ҳавас қилдим. Ўзим тадбиркор бўлганлигим учун ҳам ана шундай зукко, уддабурон, ўз меҳнати ва қобилиятини юзага чиқариш мақсадида ғайрат-шижоат билан келажакка интиладиган инсонларни қадрлайман. Уларнинг ижоди, ҳунари, эришаётган муваффақиятлари — буларнинг бари мамлакат тараққиёти, элингиз фаровонлигига хизмат қилиши, шубҳасиз.

Аида ЭЙФАЗОВА,
Озарбайжон телевидениесининг Марказий Осиё ва Ўзбекистон бўйича мухбири:

— Юртингиз қадимий ўлка. Икки дарё оралиғида жойлашган ушбу диёрда дунё тамаддунига беқиёс улуш қўшган кўплаб маданият ўчоқлари аниқланганлигини биламан. Мазкур фестиваль эса яна бир нодир қадамжо — Сармишсой дарасини бутун жаҳон аҳлига танитди. Шахсан ўзим Ўзбекистон ва Озарбайжон халқларининг маданияти, тилию дини азалдан бири-бирига яқин бўлгани боис фольклор санъатингиз намуналарини қизиқиб томоша қилдим. Ўзбек бахшисининг хонишлари қалбимни жунбушга келтирди.

Луи МИН,
Хитойнинг “Жианг нан сжу” фольклор жамоаси аъзоси:

— Ранг-баранг тадбирларга бой мазкур анжуман бизга ноёб иқтидорли ҳунармандлар, санъаткорлар, спортчилар ижоди, уларнинг ютуқлари билан яқиндан танишиш имконини берди. Халқингизнинг кўҳна оҳанглари, чолғулар ноласию санъаткорлар маҳорати эса ҳар қандай одамни лол қолдиради. Насиб этса, келаси йилда ҳам “Асрлар садоси” маданият фестивалида иштирок этамиз!

Анна ДЕРЕВЕЙ,
франциялик сайёҳ, архитектор:

— Бу каби ажойиб тадбирлар чуқур маданий илдизларга эга бўлган Ўзбекистон заминини дунёга танитмоқда. Энг муҳими, фестивалнинг ранг-баранг тадбирлари, бетакрор лойиҳалари ягона мақсад — эзгуликка хизмат қилмоқда. Тадбирда ўзим учун чинакам маънода маънавий озуқа олдим. Айниқса, нуроталик сангтарошларнинг мармарни қайта ишлаш йўли билан турли қурилиш буюмлари ишлаб чиқараётганлари менда катта қизиқиш уйғотди. Сармишсой дарасидаги ноёб петроглифларни кўриб, шуни англадимки, бу ўлка қадимдан кончилар, меъморлар, ҳунарманду рассомлар юрти  бўлган. Бугун эса уларнинг авлодлари қадимий анъаналарни давом эттириб, улар янада сайқал топиши учун тиним билмай изланмоқда. Хуллас, бу юрт одамларидан ҳар қанча ибрат олса арзийди.

«Халқ сўзи» мухбири
Азамат ЗАРИПОВ ёзиб олди.