Uz Eng Ru Ru
Biz bilan aloqa
 Adobe Flash Player

O'zbekiston Respublikasi Prezidentining 2013 yil 20 martdagi F-3987-sonli Farmoyishi

ДАВЛАТ ҲОКИМИЯТИ ВА БОШҚАРУВИ ОРГАНЛАРИ ФАОЛИЯТИНИНГ ОЧИҚЛИГИ ТЎҒРИСИДА”ГИ ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ҚОНУНИ ЛОЙИҲАСИ СИНОВИ БЎЙИЧА ҲУҚУҚИЙ ЭКСПЕРИМЕНТ ЎТКАЗИШ ҲАҚИДА

Сўз ва ахборот эркинлигини, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг, мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотлар сиёсатининг очиқлигини таъминлаш, давлат органлари томонидан қабул қилинаётган, фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига дахлдор бўлган қарорлар тўғрисида аҳолини хабардор этишда оммавий ахборот воситаларининг, фуқаролик жамияти институтларининг ролини ошириш мақсадида:

1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2011 йил 14 январдаги Р-3560-сонли Фармойиши асосида тузилган Ахборот соҳасини ислоҳ этиш ҳамда сўз ва ахборот эркинлигини таъминлаш борасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини тайёрлаш бўйича комиссия томонидан фуқароларнинг ахборот олишга бўлган конституциявий ҳуқуқларини амалга оширишнинг ташкилий-ҳуқуқий механизмлари, жамоатчиликни давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти, улар томонидан қабул қилинаётган қарорлар тўғрисида хабардор этиш тартиб-таомиллари назарда тутилган “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни лойиҳаси (бундан буён матнда қонун лойиҳаси деб юритилади) ишлаб чиқилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.

2. Қонун лойиҳасининг принципларига, қоидаларига амалий жиҳатдан ишлов бериш, унинг ҳокимият ва бошқарув тузилмалари субъектлари фаолиятининг очиқлигини таъминлашга доир нормалари самарадорлигини баҳолаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Бухоро ва Самарқанд вилоятлари давлат ҳокимияти органлари негизида (бундан буён матнда ҳуқуқий эксперимент субъектлари деб юритилади) “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни лойиҳаси синови бўйича ҳуқуқий эксперимент ўтказиш (бундан буён матнда ҳуқуқий эксперимент деб юритилади) ҳақидаги таклифига розилик берилсин.

3. Қуйидагилар ҳуқуқий экспериментнинг асосий вазифалари этиб белгилансин:
қонун лойиҳасининг давлат органлари фаолиятининг очиқлигини, шаффофлигини, уларнинг фаолияти тўғрисидаги ахборотдан оммавий ахборот воситалари, фуқаролик жамияти институтлари, аҳоли (ахборотдан фойдаланувчилар) кенг фойдаланишини таъминлашга қаратилган қоидалари самарадорлигини аниқлаш, бу қоидаларга амалий жиҳатдан ишлов бериш;
қонун лойиҳасининг қоидаларини, шу жумладан давлат ҳокимияти ва бошқаруви субъектларининг, шунингдек ушбу субъектлар фаолияти тўғрисида ахборот олишдан манфаатдор бўлган ОАВ, фуқаролик институтлари, аҳолининг ҳуқуқ ва мажбуриятларини белгиловчи нормаларни такомиллаштириш, уларни амалга оширишнинг самарали ташкилий-ҳуқуқий механизмларини яратиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;
қонун лойиҳаси нормалари амалга оширилишининг давлат бошқаруви тизими барқарор фаолият юритишига, бу соҳадаги ахборот хавфсизлигини таъминлашга кўрсатиши мумкин бўлган таъсири оқибатларини баҳолаш.

4. “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни лойиҳаси синови бўйича ҳуқуқий эксперимент ўтказиш тартиби (бундан буён матнда Эксперимент ўтказиш тартиби деб юритилади) 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
Белгилаб қўйилсинки, ҳуқуқий эксперимент 2013 йилнинг мартидан декабригача бўлган даврда ўтказилади ва қуйидагиларни ўз ичига олади:
тайёргарлик кўриш босқичи (март-апрель), бу босқич доирасида экспериментнинг ташкилий-ҳуқуқий базаси тайёрланади, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг қонун лойиҳаси нормаларида белгиланган очиқлик режимида фаолият кўрсатишига доир регламентларига ишлов берилади, жамоатчилик, фуқаролик жамияти институтлари мазкур экспериментнинг вазифалари, мақсади, тартиби ва бошланиши ҳақида хабардор этилади;
асосий босқич (май-ноябрь), бу босқич маҳаллий давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, шунингдек ОАВ, фуқаролик жамияти институтлари ҳамда бошқа ахборотдан фойдаланувчилар фаолиятини Эксперимент ўтказиш тартибига мувофиқ ташкил этишга, ҳокимият, бошқарув тузилмалари фаолияти очиқлигини таъминлашнинг қонун лойиҳасида назарда тутилган шакллари ва усулларига ишлов бериш, шу жумладан ушбу тузилмалар томонидан ижтимоий-иқтисодий ривожланиш борасидаги вазифаларни амалга ошириш масалалари ҳамда жамоатчилик учун қизиқарли бўлган бошқа масалалар бўйича интервью, матбуот анжуманлари, брифинглар ўтказиш, шунингдек қонун лойиҳаси нормаларининг самарадорлиги бўйича комплекс баҳолар олишга қаратилади;
якунловчи босқич (декабрь), бу босқич эксперимент натижаларини умумлаштириш ва таҳлил этишни ҳамда қонун лойиҳасини такомиллаштириш бўйича асосли тавсиялар ишлаб чиқишни ўз ичига олади.

5. “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни лойиҳаси синови бўйича ҳуқуқий эксперимент ўтказиш бўйича ишчи комиссия (бундан буён матнда Ишчи комиссия деб юритилади) таркиби 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
Ишчи комиссия (Д.Тошмуҳамедова):
Эксперимент ўтказиш тартибида назарда тутилган тадбирларнинг жойларда сифатли ва ўз вақтида амалга оширилиши тизимли назорат қилинишини, ушбу экспериментни ўтказишда иштирок этаётган ташкилотлар ва муассасаларнинг, шунингдек маҳаллий давлат ҳокимияти органларида тузиладиган ишчи гуруҳларнинг фаолияти самарали мувофиқлаштирилишини таъминласин;
ҳокимият, бошқарув тузилмалари фаолиятининг очиқлигини таъминлаш жараёнларининг ҳолати тўғрисидаги ахборот, эксперимент давомида ўтказилган социологик тадқиқотлар, жамоатчилик фикрини ўрганиш натижалари, шунингдек қонун лойиҳаси нормаларининг самарадорлигига доир эксперт баҳолар ҳар томонлама комплекс таҳлил этилиши, умумлаштирилишини таъминлаш чора-тадбирларини амалга оширсин;
2014 йилнинг 25 январига қадар ҳуқуқий экспериментнинг асосий якунларини ва натижаларини чиқарсин ҳамда уларни белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига тақдим этсин.

6. Бухоро ва Самарқанд вилоятлари ҳокимликлари эксперимент ўтказиш бўйича ишчи гуруҳлар таркибларини ўн кун муддат ичида тасдиқласин, Эксперимент ўтказиш тартибида назарда тутилган жамоатчилик, ОАВ, жисмоний ва юридик шахсларнинг давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти тўғрисидаги ахборотдан фойдаланиш механизмларини амалга оширишни таъминловчи ички идоравий ҳужжатларни ишлаб чиқсин ҳамда тасдиқласин.

7. Белгилаб қўйилсинки, экспериментда иштирок этаётган давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, шунингдек Ишчи комиссия ва ишчи гуруҳлар раҳбарлари ушбу Фармойишда назарда тутилган тадбирларнинг ўз вақтида ўтказилиши, шунингдек эксперимент натижалари бўйича тақдим этиладиган таҳлилий материалларнинг ва бошқа ахборотнинг сифати учун шахсан жавобгар бўлади.

8. Белгилансинки, ҳуқуқий экспериментни илмий-услубий жиҳатдан таъминлаш Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Амалдаги қонун ҳужжатлари мониторинги институти ҳамда Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти томонидан амалга оширилади.

9. Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги, Ўзбекистон миллий ахборот агентлиги, Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси, бошқа оммавий ахборот воситалари экспериментнинг ўтказилиш жараёни, аҳолининг турли гуруҳлари, манфаатдор шахсларнинг ушбу масала бўйича баҳолари ва фикрлари кенг ёритилишини таъминласин.

10. Ушбу Фармойишнинг ижро этилишини назорат килиш Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси Н.М.Исмоилов зиммасига юклатилсин.

 

Ўзбекистон  Республикаси  Президенти                                              И. Каримов

2013 йил, 20 март