Uz Eng Ru Ru
Biz bilan aloqa
 Adobe Flash Player

O'zbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining Qarori

ДАВЛАТ ВА ХЎЖАЛИК БОШҚАРУВИ ОРГАНЛАРИНИНГ ЖАМОАТЧИЛИК БИЛАН АЛОҚАЛАРИНИ РИВОЖЛАНТИРИШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА

(Ўзбекистон Республикаси Қонун ҳужжатлари тўплами, 2006 й., 39-сон, 389-модда)

Давлат ва хўжалик бошқаруви органлари фаолиятининг ошкоралигини таъминлаш, кенг жамоатчилик ва аҳолининг Ўзбекистонда амалга оширилаётган сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий ислоҳотларнинг бориши тўғрисида мунтазам хабардор қилиш мамлакатни демократик янгилаш ва модернизациялашнинг, ошкора фуқаролик жамияти қуришнинг муҳим йўналиши ҳисобланади.

Шу билан бирга, давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг ушбу босқичдаги ишлари ахборотлар алмашишнинг замонавий талаблари ва стандартларига ҳали тўлиқ жавоб бермайди, зарур даражадаги фаоллик мавжуд эмас, етарли ташаббускорлик кўрсатилмаяпти.

Аҳолини, миллий ва хорижий оммавий ахборот воситаларини Ўзбекистон Республикаси давлат ва хўжалик бошқаруви органлари фаолияти, мамлакатда изчил амалга оширилаётган ижтимоий-сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий соҳалардаги ислоҳотлар тўғрисида хабардор қилиш самарадорлигини ошириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Вазирликлар, давлат қўмиталари, агентликлар, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, хўжалик бошқаруви органлари (кейинги ўринларда идоралар деб аталади) таркибида ходимларнинг умумий сони доирасида ахборот хизматлари ташкил этилсин, қуйидагилар уларнинг асосий вазифалари этиб белгилансин:
идора раҳбарияти томонидан белгиланадиган ахборот сиёсатини шакллантириш ва амалга оширишда қатнашиш;
идора фаолияти соҳасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг миллий оммавий ахборот воситаларида эълон қилинишини таъминлаш;
миллий ва хорижий оммавий ахборот воситаларида идора фаолиятининг долзарб жиҳатларини, тегишли соҳадаги ягона давлат сиёсатини амалга ошириш масалаларини ёритиш;
интернет тармоғида идора веб-ресурсларини ташкил этиш, уларнинг самарали фаолиятини таъминлаш;
идора фаолиятига нисбатан ижтимоий фикрнинг аҳволини ҳамда миллий ва хорижий оммавий ахборот воситалари позициясини таҳлил қилиш ва улар тўғрисида идора раҳбариятини хабардор қилиш.

2. Давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг ахборот хизмати тўғрисидаги Намунавий низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.

3. Юқорида кўрсатиб ўтилган идоралар:
экспертизадан ўтказиш ва кейинчалик тегишли идора раҳбари томонидан тасдиқлаш учун икки ой муддатда Намунавий низом асосида идоралар ахборот хизматларининг низоми ва ташкилий-штат тузилмаси лойиҳаларини ишлаб чиқсинлар ҳамда кўриб чиқиш учун Вазирлар Маҳкамасининг Ахборот тизимлари ва телекоммуникациялар масалалари комплексига киритсинлар;
икки ой муддатда ахборот хизматларини журналистика, жамоатчилик билан алоқаларни ташкил этиш соҳасидаги юқори малакали мутахассислар билан таъминласинлар;
ахборот хизматини унинг ишларини самарали ташкил этиш учун зарур бўлган замонавий моддий-техник база билан таъминласинлар;
ахборот хизматининг идоранинг бошқа бўлинмалари, идорага қарашли тузилмалар билан зарур даражадаги ўзаро ҳамкорлигини ташкил этсинлар;
ахборот хизматлари томонидан мамлакатимиз ва хорижий оммавий ахборот воситалари вакиллари билан мунтазам равишда (ҳар ойда камида бир марта) матбуот конференциялари, брифинглар ўтказилишини амалда жорий этсинлар;
бир ой муддатда идоравий норматив ҳужжатларга ушбу қарор талабларидан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар киритсинлар.

4. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги (Р.С.Қосимов) Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2006 йил 7 августдаги 163-сон қарори билан тасдиқланган Оммавий ахборот воситалари соҳасида кадрларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш Давлат дастурини амалга ошириш доирасида идораларнинг ахборот хизматлари ходимларини ўқитиш ва уларнинг малакасини оширишни ташкил этсин.

5. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосарлари А.Н. Арипов ва Р.С. Қосимов зиммасига юклансин.

 

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ш. МИРЗИЁЕВ

Тошкент ш., 2006 йил 22 сентябрь

 


 Вазирлар Маҳкамасининг 2006 йил 22 сентябрдаги 203-сон қарорига ИЛОВА

 Давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг ахборот хизмати тўғрисида

НАМУНАВИЙ НИЗОМ

I. Умумий қоидалар

1. Ахборот хизмати (кейинги ўринларда Хизмат деб аталади) давлат ва хўжалик бошқаруви органи (кейинги ўринларда идора деб аталади) марказий аппаратининг таркибий бўлинмаси ҳисобланади.

2. Хизмат ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституциясига, қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг қарорларига ва бошқа ҳужжатларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, идоранинг норматив ҳужжатларига ва ушбу Низомга амал қилади.

3. Хизмат ўз фаолиятини идоранинг ҳудудий ва таркибий бўлинмалари ҳамда республиканинг бошқа вазирликлари ва идоралари тегишли хизматлари билан ўзаро яқин ҳамкорликда амалга оширади.

II. Хизматнинг асосий вазифалари

4. Қуйидагилар Хизматнинг асосий вазифалари ҳисобланади:
идора раҳбарияти томонидан белгиланадиган ахборот сиёсатини шакллантириш ва амалга оширишда қатнашиш;
идора фаолияти соҳасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг миллий оммавий ахборот воситаларида эълон қилинишини таъминлаш;
миллий ва хорижий оммавий ахборот воситаларида идора фаолиятининг долзарб жиҳатларини, тегишли соҳадаги ягона давлат сиёсатини амалга ошириш масалаларини ёритиш;
интернет тармоғида идора веб-ресурсларини ташкил этиш, уларнинг самарали фаолиятини таъминлаш;
идорага нисбатан ижтимоий фикрнинг аҳволини ҳамда маҳаллий, республика ва хорижий оммавий ахборот воситалари муносабатини таҳлил қилиш ва улар тўғрисида идора раҳбариятини хабардор қилиш.

III. Хизматнинг функциялари

5. Қуйидагилар Хизматнинг асосий функциялари ҳисобланади:
Хизмат олдида турган вазифаларни самарали ҳал этиш учун зарур бўлган ахборотларни идоранинг бошқа бўлинмалари билан ўзаро ҳамкорликда тўплаш ва ишлаш;
оммавий ахборот воситалари учун хабарларни (пресс-релизлар, бюллетенлар, обзорлар ва шу кабиларни) тайёрлаш ва тарқатиш;
идора фаолиятига доир масалалар бўйича босма материалларни тайёрлаш ҳамда миллий ва хорижий нашрларда эълон қилиш, теле ва радиоэшиттиришларни ташкил этиш, тегишли соҳадаги давлат сиёсатини амалга ошириш;
идора раҳбарияти ва ходимларининг оммавий ахборот воситалари вакиллари билан матбуот конференциялари, брифинглари, мусоҳабалари ва бошқа учрашувларини ташкил этиш;
идора фаолиятига доир масалалар бўйича ижтимоий фикрни ҳамда миллий ва хорижий оммавий ахборот воситалари позициясини ўрганишга доир таҳлилий ишларни амалга ошириш. Идора раҳбариятига ахборот бериш учун эълон қилинган долзарб материаллар шарҳларини тайёрлаш;
оммавий ахборот воситалари билан ахборот-маълумотнома ишларини амалга ошириш учун идора фаолиятининг асосий йўналишлари бўйича таҳлилий, статистик ва бошқа материалларнинг тизимлаштирилган маълумотлар банкини ташкил этиш;
идора фаолиятини энг тўлиқ ва холисона ёритиш мақсадида миллий ва хорижий оммавий ахборот воситалари ҳамда журналистлар билан ўзаро ҳамкорликни амалга ошириш;
интернет тармоғида идоранинг веб-сайтини ташкил этиш ва уни замонавий даражада сақлаш.

6. Хизмат ўз ваколатлари доирасида миллий ва хорижий ахборот агентликлари ҳамда оммавий ахборот воситаларининг идора фаолияти тўғрисидаги материалларни тайёрлашда кўмаклашиш тўғрисидаги буюртманомалари ва сўровларини кўриб чиқади.

IV. Хизматнинг ҳуқуқлари

7. Хизмат ўзига юкланган вазифалар ва функцияларни бажариш учун қуйидаги ҳуқуқларга эга:
Хизматнинг вазифалари ва функцияларини бажариш учун зарур бўлган ахборотларни идоранинг бошқа бўлинмаларидан, идорага қарашли ташкилотлардан белгиланган тартибда сўраб олиш;
идоранинг йиғилишларида, мажлисларида ва бошқа тадбирларида қатнашиш;
қўйилган вазифаларни бажариш учун идора раҳбари билан келишган ҳолда идоранинг бошқа бўлинмалари ходимларини, шунингдек бошқа ташкилотларнинг мутахассислари ва экспертларини жалб этиш, шу жумладан контракт асосида жалб этиш;
бошқа идораларнинг ахборот хизматлари билан белгиланган тартибда ўзаро ҳамкорлик қилиш;
раҳбариятнинг топшириғига кўра давлат органларида, республика ва халқаро аҳамиятга эга бўлган тадбирларда Хизмат ваколатига тааллуқли масалалар бўйича идора номидан вакиллик қилиш;
ўз ваколатлари доирасида босма нашрларни нашр этиш;
идоранинг ахборот сиёсатини такомиллаштиришга доир таклифларни, Хизмат фаолияти масалалари бўйича норматив ҳужжатлар лойиҳаларини раҳбариятнинг кўриб чиқиши учун киритиш.

V. Хизмат фаолиятини ташкил этиш

8. Хизмат ходимлари сони у амалга оширадиган вазифаларнинг мураккаблиги ва ҳажмига кўра идора раҳбари томонидан, ходимларнинг тасдиқланган умумий сони доирасида белгиланади.

9. Хизмат фаолияти идора раҳбари томонидан тасдиқланадиган ишлар режаси асосида ташкил этилади.

10. Хизматни идора раҳбари томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод қилинадиган раҳбар бошқаради. Хизмат раҳбари айни бир вақтда идора раҳбарининг матбуот котиби ҳисобланади.
Хизмат раҳбари:
Хизмат фаолиятини мувофиқлаштиради ҳамда Хизматга юкланган вазифалар ва функцияларнинг бажарилиши учун шахсан жавоб беради;
Хизмат фаолиятини ташкил этади, режалаштиради ва назорат қилади, идоранинг бошқа бўлинмалари билан ўзаро ҳамкорликни амалга оширади;
Хизматда кадрларни танлаш ва жой-жойига қўйишни таъминлайди, ходимлар ўртасида вазифаларни тақсимлайди;
Хизмат ходимларининг малакасини ва касб бўйича савиясини ошириш учун шарт-шароитлар яратади.

11. Хизмат ходимлари Хизмат раҳбарининг тақдимномасига кўра белгиланган тартибда лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод қилинади.

12. Хизмат фаолиятининг ахборот, ҳуқуқий, моддий-техник ва транспорт таъминоти, шунингдек унинг ходимларига ижтимоий-маиший хизмат кўрсатиш идоранинг таркибий бўлинмалари учун белгиланган тартибда амалга оширилади.