Uz Eng Ru Ru
Biz bilan aloqa
 Adobe Flash Player

Хорижий мамлакатларнинг вакиллари баҳор байрами билан табриклайдилар

     ХАЛҚ СЎЗИ 2013 ЙИЛ 21 МАРТ № 55

     Наврўз умумхалқ байрами муносабати билан Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий боғида бўлиб ўтган тантанали тадбирда юртимизда аккредитациядан ўтган халқаро ташкилотлар ва дипломатия корпусларининг раҳбарлари ҳамда вакиллари ҳам иштирок этдилар. Улар “Жаҳон” ахборот агентлигининг мухбирлари билан мулоқотлари чоғида байрам тантаналаридан олган таассуротларини бажонидил ўртоқлашдилар.

Патрисия ФЛОР, 
Европа Иттифоқининг Марказий Осиё бўйича махсус вакили:

— Мени ажойиб кайфият чулғаб олган, бугун ушбу майдонда ҳукмрон бўлиб турган байрам муҳитига чарақлаган баҳор қуёши жуда ҳамоҳанг. Бугунги шодиёна кунда Европа Иттифоқи ва Ўзбекистон ўртасидаги муносабатлар тараққиётининг одимларини юксак баҳолашимни қайд этишни истар эдим. Биз турли йўналишлар, жумладан, иқтисодиёт, таълим ва соғлиқни сақлаш соҳалари бўйича ўзаро ҳамкорликнинг яхши  тажрибасига эгамиз. Менинг мамлакатингизга ташрифим Наврўз байрами тантаналарига тўғри келди ва у жуда самарали кечмоқда — биз бўлиб ўтган учрашувлар чоғида қатор муҳим масалаларни, хусусан, Европа Иттифоқи ва Ўзбекистон ўртасидаги муносабатларни янада ривожлантиришнинг истиқболларини муҳокама қилдик. Биз Ўзбекистонни Европа Иттифоқининг Марказий Осиё минтақасидаги муҳим шериги сифатида кўрамиз ва ҳамкорлигимиз муваффақият билан давом этишига умид қиламиз. Ушбу ажойиб байрам муносабати билан Ўзбекистоннинг барча аҳолисига бахт, қувонч ва фаровонлик тилайман.

Стефан ПРИСНЕР, 
Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Ўзбекистондаги доимий мувофиқлаштирувчиси:

— Мен бу қадар улкан байрам тантанасида илк бор иштирок этмоқдаман. Наврўз тантаналари ўзининг ёрқинлиги, рангларнинг уйғунлиги, хилма-хиллиги ва кенг кўламлилиги билан менда чуқур таассурот қолдирди. Ҳам анъанавий, ҳам замонавий ашула ва рақслар ижросидан иборат ўзбек санъат усталарининг концерт дастури мени қойил қолдирди ва завқ-шавқ бахш этди. Умуман олганда, бўлиб ўтган тантаналар республиканинг замонавий ҳаётига ғоят мос келадиган ўзбек халқининг бебаҳо маънавий мероси ҳамда миллий анъаналарини ажойиб ва ёрқин бир тарзда намоён қилди. Бугун Наврўз байрамини кенг доирада нишонлар эканмиз, барча ўзбекистонликларга ўзимнинг энг эзгу тилакларимни изҳор этишни ва “Байрамингиз муборак бўлсин!” дея табриклашни истар эдим.

Жорж КРОЛ,
Америка Қўшма Штатларининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси:

— Наврўз янгиланиш ҳамда табиат уйғонишининг рамзидир. Мен АҚШ халқи ва раҳбарияти номидан барчангизни ушбу ажойиб баҳор байрами билан қутлашимдан мамнунман. Шуни алоҳида таъкидлашни истардимки, Ўзбекистон мустақиллик йиллари мобайнида турли соҳаларда диққатга сазовор бўлган муваффақиятларга эришди. Ўзбекистондаги келажакка комил ишонч билан қарайдиган ёш авлоднинг мақсадга эришишга бўлган интилувчанлиги кишини алоҳида ҳайратга солади. Ҳозирги пайтда мамлакатларимиз ўртасидаги икки томонлама муносабатлар жадал суръатларда ривожланмоқда. Чин дилдан истардимки, жорий йил мамлакатларимиз халқлари, турли миллат ҳамда эътиқод кишиларининг манфаати йўлида  бизнинг дўстлигимиз, ўзаро англашувимиз ва ҳамкорлигимиз янада мустаҳкамланадиган йил бўлсин. Ушбу баҳор байрами ҳар бир хонадонга бахт-саодат ва фаровонлик олиб келишига тилакдошман!

Франсуа ГОТЬЕ,
Франциянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси:

— Бу байрам барча ўзбекистонликлар учун орзиқиб кутиладиган ва суюкли айёмдир. Чунки Наврўз гўзал ва ажойиб фасл ибтидосини, баҳорий уйғониш ҳамда янгиланишни ўзида мужассам этган. Чарақлаган бугунги кундаги монандлик ҳам бу фикрни яққол тасдиқлайди. Ушбу байрам муносабати билан Ўзбекистонга чин дилимдан эзгуликлар, тинчлик ва гуллаб-яшнаш тилакларини изҳор этаман! 

Муҳаммад бин Саид бин Муҳаммад ал-ЛАВАТИ,
Ўмон Султонлигининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси: 

— Гўзал Наврўз байрамида Ўмон Султонлиги номидан кўп миллатли Ўзбекистон халқига мурожаат қилишдан, ўзимнинг самимий табрикларимни билдириш ҳамда ҳар бир оилада тинчлик ва ҳамжиҳатлик, янгидан-янги муваффақиятлар, тараққиёт ва равнақ, фаровонлик ва хотиржамлик ҳукм суришини тилаб, эзгу истакларимни йўллаётганимдан бағоят мамнунман. Куйлаб, рақс тушаётган халқни кўриш кишига завқ бағишлайди, Ўзбекистондаги барча миллат ва маданиятлар вакилларининг чиқишлари эса ҳар қандай инсонни ўзига мафтун қилади. Халқларимиз ўртасида кўпгина ўхшаш жиҳатлар мавжуд. Ўзбек халқининг эзгулик ва меҳрибонлик, олижаноблик, меҳмондўстлик, ўз мамлакатининг ўтмиши ва бугунидан фахрланиш туйғуси сингари фазилатлари Ўмон халқига ҳам хосдир. Ўзбекистон ва Ўмон ўртасидаги муносабатлар ўзаро ҳурмат ҳамда ишонч асосида изчил ривожланиб бораётгани, айниқса, қувонарли ҳол. Фурсатдан фойдаланиб, Ўзбекистон халқини Наврўз байрами билан чин қалбимдан табриклаганим ҳолда, тинчлик-осойишталик ва фаровонлик тилайман.

Чон Дэ ВАН,
Корея Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси:

— Бетакрор Наврўз байрамига бағишланган тантаналарда бир неча маротаба иштирок этганман. Ҳар гал бу санага бағишланган тадбирларнинг нечоғлиқ юқори даражада ташкил этилишидан ҳайратга тушаман. Мамлакатингиз раҳбарияти томонидан ўзбек халқининг маданий-тарихий меросини тиклаш юзасидан олиб борилаётган чора-тадбирлар туфайли бутун дунё юртингизнинг кўплаб тарихий қадриятлари билан танишиш имконига эга бўлдики, ана шундай қадриятлардан бири Наврўздир. Бугунги ранг-баранг байрам тадбири “Мустаҳкам оила йили” Давлат дастурида белгилаб берилган ғояларни қамраб олгани билан бир қаторда, Ўзбекистоннинг бой маданиятини ҳам намоён қилди. Янгиланиш байрами — Наврўзи олам билан ўзбек халқини табриклар эканман, Корея Республикаси ва Ўзбекистон ўртасидаги ўзаро муносабатларнинг янада ривожланишидан умидворлик изҳор этишга ижозат бергайсиз. 

Абдул Азиз бин ҲОРУН, 
Малайзиянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси: 

— Ўзбекистон заминига баҳорий шукуҳи билан Наврўз ҳам кириб келди. Кўп асрлик тарихга эга ушбу байрам ўзида табиатнинг баҳорий уйғонишини, инсон ва атроф-муҳит уйғунлигини мужассамлаштирган. Кўп минг йиллар илгари бўлгани каби бугун ҳам Наврўз ардоқли, қувончли, ажойиб ва қутлуғ сана, эзгу ниятлар ҳамда юксак орзулар тимсоли сифатида ҳар бир ўзбек оиласида нишонланади. Шуниси муҳимки, мустақиллик йилларида Наврўз республикада истиқомат қилаётган барча миллат ва элатлар вакиллари учун бирдай севимли ҳамда азиз умумхалқ байрамига айланди. Ўзбекистонда ҳар йили санъат усталари иштирокида Наврўзга бағишланган тантанали маросимларни ўтказиш миллий анъанага айлангани ҳолда, у биз, дипломатларга ўзбек халқининг тарихий мероси нақадар бой ва ранг-баранглиги ҳақида маълумотларга эга бўлиш ҳамда юртингизда халқона урф-одат ва анъаналар қай даражада асраб-авайланиши, ардоқланишига бевосита гувоҳ бўлиш имконини ҳам беради. Наврўз байрами муносабати билан бутун Ўзбекистон халқига баҳорий кайфият, мустаҳкам саломатлик, тинчлик ва осойишталик, фаровонлик ва тараққиёт ҳамроҳ бўлишини тилайман.

Юрий САВЧЕНКО,
Украинанинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси:

— Наврўз унутилмас кун бўлиб, у яна бир бор ўзбек халқининг улуғворлигини, ўтмиш аждодлар анъаналарига содиқлигини кўрсатди. Айнан шу каби байрамлар чоғида мамлакат ва халқнинг келажакка нисбатан ишончи ҳам намоён бўлади. Ўзбекистон Президентининг мамлакат мустақил тараққиётини, Ўзбекистоннинг тинчлик билан барқарор ривожланишдек асосий ниятини, ёш авлоднинг нафақат эртанги кунга, балки ўз олдига қўйган мақсадларга эришишга нисбатан комил ишончини бу заминда ҳеч нарса билан таққослаб бўлмаслиги ҳақида билдирган фикрлари давлат раҳбарининг чуқур ўйланган сиёсатидан, унинг республика тараққиёти истиқболларини аниқ-равшан кўришидан далолат беради. Бугунги байрам тантаналари ҳақида тўхталганда, одамлар юзидаги табассум ва энг муҳими, баҳорий уйғониш ва янгиланишга нисбатан ҳамнафаслик туйғуси — замонавий Ўзбекистоннинг қиёфаси, ушбу буюк мамлакат халқи самимиятининг ифодаси эканлигини таъкидлаш жоиздир. Ўйлайманки, бундай байрамнинг ўтказилиши ўзбек халқининг улуғ аждодлари хотирасига, тарих ва анъаналарига эҳтиром ҳам ҳисобланади. Бу тарих ҳамда анъаналарда асрлар давомида эзгулик, олижаноблик, қувонч шарафланиб келганки, Ўзбекистоннинг кўҳна ва ажойиб замини ана шундай қадриятлар билан бойдир.

Гусейн Рзагулу огли КУЛИЕВ, 
Озарбайжон Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси:

— Дунёнинг барча мамлакатларида бўлгани каби Озарбайжонда ҳам Наврўз янги орзулар ва умидларни ўзида мужассамлаштирган қутлуғ шодиёна саналади. Ушбу сана бугунги кунда мутлақо янгича тараққиёт топган кўҳна байрам ҳамдир. Ўзбекистон ва Озарбайжон қардош мамлакатлар бўлиб, ҳар икки давлатда Наврўзи олам кенг миқёсда нишонланади. Халқингиз қандай улкан диққат-эътибор, самимият ва ғурур туйғуси билан мазкур байрамни кутиб олаётгани менда катта таассурот қолдирди. Айниқса, ўзбекистонликларнинг меҳмондўстлиги ва хушмуомалалигини алоҳида қайд этиш жоиздир. Бугун айнан Ўзбекистонда ушбу шодиёнани кутиб олаётганимдан хурсандман. Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг табрик сўзи муҳим аҳамиятга эга, кенг кўламли ва чуқур ўйланган нутқ бўлиб, унда ёш авлодни мустақиллик ғоялари, ўзбек халқининг кўп асрлик анъаналари, бебаҳо маданий-маънавий меросини асраб-авайлаш руҳида тарбиялашга асосий эътибор қаратилган. Давлатингиз раҳбари томонидан билдирилган фикр-мулоҳазалар бугунги ва келажак авлодни ўз мамлакатини авайлаш, унинг тинчлик-осойишталигини муҳофаза қилишга ундайдиган чорловдир. Ушбу янгиланиш, яшариш байрамида мамлакатингиз ва бутун ўзбек халқига сиҳат-саломатлик, бахт-саодат, улкан муваффақиятлар тилайман. Байрам кайфияти ҳамиша ҳамроҳингиз бўлсин.

Володя НЕЙКОВ,
Болгариянинг Ўзбекистондаги Муваққат ишлар вакили:

— Мен бундай муҳташам ва таассуротга бой халқ байрамида илк бор иштирок этмоқдаман. Ушбу байрам баҳор кириб келиши ва табиат уйғониши тимсолидир. Наврўз кайфияти бугунги байрам тадбирида тўласинча ўз ифодасини топдики, у ҳар бир инсонни табиат билан уйғунликда яшашга, жамиятда дўстлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашга даъват этади. Шуни алоҳида таъкидлашни истардимки, Ўзбекистон халқ ижодиёти ва санъати намуналари мамлакат ҳамда унинг маданияти тараққиётининг даражасини билиш, халқнинг маънавий бойлиги билан танишиш имконини берди. Биз бугунги саҳналаштирилган маданий чиқишларда ушбу улуғвор воқеа муносабати билан ўзбек халқининг ҳақиқий миллий анъаналарини сақлаб қолган миллий мусиқа ва ашула санъатининг ноёб намуналари билан ошно бўлдик. Ёш авлод вакилларининг чиқишлари, уларнинг санъатга бўлган чинакам муҳаббати менда алоҳида таассурот қолдирди, чунки гўзалликни тараннум этиш ҳақиқий инсоний қадрият ҳисобланади. Президент Ислом Каримовнинг табриги, шубҳасиз, ўзининг таъсирчанлиги ва порлоқ келажакка бўлган ишонч руҳига йўғрилгани билан кишида таассурот қолдиради. Шунингдек, давлат раҳбари ўзининг илиқ табригида ушбу тадбирда қатнашаётган дипломатия корпусига эътибор қаратгани  алоҳида қувонарлидир.

«Жаҳон» АА.