Uz Eng Ru Ru
Biz bilan aloqa
 Adobe Flash Player

Yoshlarning huquq va manfaatlarini ta'minlash - muhim vazifa

 

www.uzbekistonovozi.uz  04.05.2013

yoshlar  

Бугунги кунда Тошкент вилояти аҳолисининг 1 миллион 400 минг нафардан ортиғини ёшлар ташкил этади. Уларни ҳар томонлама муносиб тар­биялаш, юртимизда кечаётган демократик ислоҳотлар мазмун-моҳиятини ёш­ларга чуқур тушунтириш муҳим вази­фадир.

ЎзХДП Марказий Кенгаши Тошкент вилоят кенгаши билан бирга ташкил этган навбатдаги сиёсий ўқув маш­ғулоти ҳам ёшларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, сиёсий-ҳуқуқий билимини ошириш масалаларига бағишланди.

Унда партия фаоллари, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси ҳамда халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги партия депутатлик гуруҳи аъзолари, вилоят ИИБ ходимлари, маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари ва ёшлар иштирок этди.

Тадбир очиқ мулоқот, ўзаро фикр алмашув руҳида ўтди. Дастлаб ЎзХДП Марказий Кенгаши раиси ўринбосари Шарбат Абдуллаева, партиянинг Тошкент вилоят кенгаши раиси, халқ депутатлари вилоят Кен­гашидаги депутатлик гуру­­ҳи раҳбари Сирожиддин ­Аъзамов ёшлар билан мулоқотда мамлакатимизда кечаётган янгиланиш ва бун­ёдкорлик, ҳар бир соҳада рўй бераётган ўзгаришлар, уларнинг мустақиллигимизни мустаҳкамлаш, турмуш фаровонлигини оширишдаги аҳамияти ҳақида ўз фикр-мулоҳазаларини билдиришди.

Шундан сўнг депутатлар, мутахассислар ҳамда пар­тия фаоллари давлат бошқарувини модернизациялаш, ислоҳотлар самарадорлигини ошириш жараёнида сиёсий партияларнинг ўрни ва роли хусусида атрофлича сўз юритди.

— Бугунги кунда касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини иш билан таъминлаш, уларни ўз мутахассислиги бўйича корхона-ташкилотларга жалб этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда, — дедиОлий Мажлис Қонунчилик палатаси ­депутати, ЎзХДП фрак­цияси аъзоси Ҳафиза ­Каримова. — Бу миллий қонунчиликни такомиллаштириш жараёнида ҳам ўз ифодасини топмоқда. Хусусан, «Меҳнат кодекси»нинг 14 та моддасига аҳоли банд­лигини таъминлаш кафолатларини мустаҳкамлашга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритилиб, Кодексга 2 та янги модда қўшилиб, 2 та модда чиқариб ташланмоқда. Мазкур ўзгаришлар касб-ҳунар коллежлари битирувчиларининг доимий иш ўринларига эга бўлиши, корхона ва ташкилотларда меҳнат ҳуқуқлари, манфаатлари ҳимояланишини кучайтиради.

Шунингдек, тадбирда Тошкент вилояти партия ташкилотлари томонидан амалга оширилаётган ишлар таҳлил қилинди, айрим камчиликларни бартаф этиш бўйича аниқ таклифлар ўртага ташланди.

Партия фаоллари, депутатлар ҳамда ёшлар қаноти вакиллари бу борадаги тарғибот-тушунтириш ишларини янада жонлантириш, масъулиятни кучайтириш лозимлигини таъкидлади.

Бу борада бошланғич партия ташкилотлари, ўзини ўзи бошқариш органлари ҳамда маҳаллий Кенгашлардаги партия депутатлик гуруҳлари ҳамкорлигини янада кучайтириш талаб этилади. Айниқса, қуйи партия ташкилотларида ўткази­лаёт­ган турли тадбирлар, фуқаролик маърифати тизимидаги сиёсий ўқувларга ёшларни кенгроқ жалб этиш, уларнинг қизиқишлари ва манфаатларини ўрганиш орқали ижти­моий-иқтисодий, сиёсий ­фаоллигини оширишга кўмаклашиш муҳим вазифа деб белгиланди.

Аҳоли, айниқса, ёшларда фаол фуқаролик позициясини шакллантириш, демократик модернизация жараёнлари моҳиятини тўғри тушунтириб бориш сиёсий партияларнинг ҳам муҳим вазифаларидан бири ҳисобланади. Ўтказилган сиёсий ўқув машғулоти ана шу мақсадга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.

Нурали ОРИПОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.