Uz Eng Ru Ru
Biz bilan aloqa
 Adobe Flash Player

Намунавий лойиҳалар асосида барпо этилган уй-жойлар қишлоқ аҳолисининг турмуш даражасини янада юксалтиришга хизмат қилади

http://www.uzbekistonovozi.uz  16.04.2013.

Бугун мамлакатимизда «Замонавий уй-жой қурилиши — қишлоқ жойларини комплекс ривожлантириш ва қиёфасини ўзгартириш ҳамда аҳоли ҳаётининг сифатини яхшилаш омили» мавзуида халқаро конференция ўз ишини бошлайди.

Президентимиз Ислом Каримов ташаббуси билан ўтказилаётган ушбу анжуманда элликка яқин мамлакатдан қарийб 300 нафар олим, мутахассис ва эксперт иштирок этади.

obod1

Гаспар Ж.Льянес Диас САЛАЗАР,  Андалусия ҳукуматининг иқтисодиёт бўйича котиби (Испания):

— Улкан қурилиш майдонига айланган Ўзбекистонда замонавий лойиҳалар асосида бунёд этилган уйлар ўзига хос меъморий ечими ва юксак сифати билан ажралиб туради.

Тошкент вилоятининг Пар­кент туманидаги «Гулбоғ» массивида бўлиб, Ўзбекистоннинг қишлоқ жойларида қурилаётган янги уй-жойлар лойиҳалари ғоят пишиқ ва пухта яратилганига ишонч ҳосил қилдим. Лойиҳаларда оиладаги барча аъзоларнинг эҳтиёжи ино­батга олинган.

Ушбу ян­ги массивда уй-жойлар билан бирга мактаб, болалар боғчаси, тиббиёт пункти, маҳалла идораси барпо этилган. Хонадонлар газ, электр энергияси, ичимлик суви билан тўлиқ таъминланган, минимаркетлар фаолияти йўлга қўйилган. Кенг, ёруғ ва файзли кўчалар, ҳовлиларда яшнаб турли дарахтлар, гуллар баҳри дилингни очади.

Мамлакатингиздаги обод­лик ва фаровонликни ҳар бир хонадон мисолида кў­риш мумкин. Масалага бундай атрофлича ёндашув аҳо­лига кенг қулайликлар яратиши билан бирга ҳудудларни комплекс ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этади.

Александр Сефре ЗАНД, «Sefre Architects Research Group» компанияси бош ижрочи директори, Буюк Британия архитекторлари Қи­роллик инс­титути аъзоси (Буюк Британия):

– Халқаро конференция доирасида Зангиота туманидаги «Обод турмуш» маҳалласида бунёд этилган уй-жойларда яратилган шарт-шароитлар билан танишдик. Касбим архитектор бўлгани учун уй-жой ва инфратузилма объектлари лойиҳаси, хоналарнинг жойлашуви ва кенглиги, деворларнинг баландлиги эътиборимни тортди. Яшаш учун катта қулайлик ва имкониятлар муҳайё этилган. Яна бир муҳим жиҳат: бу уйлар узоқ муддатли, имтиёзли ипотека кредити асосида берилаётганидир. Нархи ҳам арзон.

Лютгарт ДУСАР, «Living Stone» маркази лойиҳа менежери (Бельгия):

 Пскент туманидаги «Дўст­лик» массивида барпо этилган замонавий уйлар менда унутилмас таассурот қолдирди. Боиси, замонавий инфратузилмани ривожлантириш ва таъмирлаш бўйича мутахассис сифатида кўплаб мамлакатларда бўлганман, аммо ҳеч қайси давлатда бу масалага Ўзбекистондаги каби ҳар томонлама чуқур ёндашилмайди. Мамлакатингизда қишлоқ массивларида замонавий уй-жойлар барпо этилиши билан бирга таълим, тиббиёт, спорт объектлари қурилишига ҳам алоҳида эътибор қаратилаётгани менда ҳавас уйғотди. Мазкур массивда ташкил этилган мини-банк аҳолига тадбиркорлик фаолиятини йўлга қў­йиши учун минимал фоиз ставкалари бўйича кредитлар бераётгани ҳам эътиборга лойиқдир.

Каролин БАСТИАНС хоним,Фландрия парламенти депутати (Бельгия):

— Таъкидлаш жоизки, қишлоқ жойларда замонавий уйларни барпо этиш, шунингдек, сифат жиҳатидан шаҳарлардагидан кам бўлмаган ижтимоий муҳитни яратиш, ободонлаштириш ишларини амалга ошириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликка янада кенг йўл очиш ва шу орқали аҳолини иш билан таъминлаш унинг даромадини, фаровонлигини янада юксалтиришида муҳим омил бўлади. Бу эса, ўз навбатида, қишлоқларнинг ҳам шаҳарлар каби юқори суръатлар билан равнақ топишига хизмат қилади. Бу жиҳатдан Ўзбекистонда ўтказиладиган халқ­аро конференция катта аҳамият касб этади.

Чен ЧАНМИН, «Shanghai Tongshe Architec­tural Design Institute» компанияси вице-президенти (Хитой):

— Ўзбекистонда саноат, қурилиш, қишлоқ хўжалиги тармоқларида, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, қишлоқларда замонавий уйлар барпо этиш, аҳоли бандлигини таъминлаш, шунингдек, ижтимоий соҳаларда салмоқли натижаларга эришилаётир. Қишлоқ жойларни ривожлантиришда аҳоли учун уй-жойлар қуриш, одамларнинг турмуш шароитини янада яхшилаш, уларни иш билан таъминлаш ишларининг комплекс тарзда амалга оширилаётгани муҳим аҳамият касб этади. Мамлакатингизда бу соҳада амалга оширилаётган кенг кўламли бунёдкорлик ишлари олис қишлоқ ва овуллар қиёфасини ҳам бутунлай ўзгартириб юбормоқда. Шу боис Ўзбекистонда амалга оширилаётган бундай кенг кўламли бунёдкорлик ишларига қизиқиш катта.

Халқаро анжуман доирасида мамлакатингизнинг чекка ҳудудларида амалга оширилаётган бун­ёдкорлик ишлари, халқ фаровонлигини ошириш йўлида олиб борилаётган ислоҳотлар ва аҳолининг турмуш шароити билан яқиндан танишиш имкони яратилаётганидан мамнунмиз. Мазкур халқ­аро анжуман қишлоқларда ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни пухта ва самарали амалга ошириш чора-тадбирлари юзасидан дунёнинг қатор экспертлари ва олимлари билан тажриба алмашиш учун қулай имкониятдир.

Салоҳ СУЛТОН, Осиё мусулмонлари қўмитаси котиби (Қувайт):

— Ўзбекистонда нафақат шаҳарларнинг, балки қишлоқ ҳудудларининг ҳам қиёфасини кўркамлаштириш, инфратузилмасини такомиллаштириш, қиш­лоқ аҳолисининг турмуш шароитини яхшилаш, одамларнинг гўзал ва саодатли ҳаёт кечириши учун қулайлик яратиш борасидаги ишларга улкан эътибор қаратилмоқда. Мамлакатингиздаги қишлоқларда намунавий ло­йиҳалар бўйича замонавий уй-жойларни кенг кўламда барпо этиш ишлари амалга оширилаётгани ҳам бунинг яққол тасдиғидир. ­Дунёдаги кўплаб мамлакатларда қишлоқ жойларнинг ободлигига бу даражада доимий ва юксак эътибор қаратилмайди. Ўзбекистонда қисқа фурсатда барча вилоятда минглаб замонавий уйлар қурилиб, фойдаланишга топширилгани таҳсинга сазовордир. Айниқса, бу уйларнинг барча зарур маиший шарт-шароитларга эга экани, яшаш учун катта қулайликлар билан таъминлангани қишлоқ одамларининг фаровон турмуш кечиришида муҳим омил бўлаётгани диққатга сазовор. Ўзбекис­тоннинг бу борадаги тажрибасидан бошқа мамлакатлар ҳам ўрнак олса арзийди. Халқ­аро конференция ҳам айни шу мақсадга хизмат қилади, деб ўйлайман.

Хавьер Салседо КАБЕЛЬО, «PROES Consultors S.A.» компаниясининг меъморчилик департаменти директори (Испания):

— Ўзбекистонда ушбу муҳим мавзудаги халқаро конференциянинг ташкил этилиши айни муддао бўлди. Чунки мамлакатингизда қишлоқ жойларини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш соҳасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар барча давлатлар учун намуна сифатида хизмат қилиши мумкин. Ўзбекистонда замонавий уй-жойларни барпо этиш ва бу ишларни молиялаштириш, массивларни танлаш, аҳоли пункт­ларининг бош лойиҳаларини тузиш, қурилиш материаллари билан таъминлаш каби жиҳатларни қамраб олган ташкилий-ҳуқуқий механизмлар яратилгани таҳсинга сазовордир. Қайд этиш керакки, Ўзбекистонда қишлоқларни комплекс равишда ривожлантириш йўлида олиб борилаётган ислоҳотлар бутун мамлакатни янада тараққий эттириш йўлида юксак самаралар беради.

Жозеф АДАЙКАЛАМ, «Binary Management & Entrep­reneurship» университети иж­рочи директори, вице-канцлери (Малайзия):

— Президент Ислом Каримов раҳнамолигида Ўзбекистонда қишлоқ аҳолисининг ижтимоий-иқтисодий шароитини янада яхшилаш мақсадида кўплаб дастурлар самарали амалга оширилаётир. Зеро, бундай лойиҳалар нафақат ҳудудларнинг кўркига кўрк қўшиб, чиройига чирой бахш этади, балки қишлоқ хўжалиги ва қурилиш саноатининг изчил ривожланишида, жойларда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг янада тараққий этишида муҳим аҳамиятга эга. Замонавий лойиҳалар асосида қурилган уй-жойларни сотиб олиш учун банклар томонидан аҳолига имтиёзли кредитлар ажратилаётгани Ўзбекистон раҳбарияти томонидан халқ фаровонлигини ошириш йўлида кўрсатилаётган улкан ғамхўрликдан далолатдир.

Ўзбекистонга илк марта келишим. Юртингизни кўриб, Ўзбекистон тасаввуримдагидан ҳам обод юрт эканига ишонч ҳосил қилдим. Тошкентнинг кўплаб диққатга сазовор жойларини бориб кўрдим. Қаерга бормай ёшларга кўзим тушади. Уларни музейларда ҳам кўриб, Ўзбекистон ёшларининг ўз тарихига, маданий меросига катта ҳурмат ва эҳтиром билан муносабатда бўлишига ишонч ҳосил қилдим. Ўзбекистонда таълим соҳасини ислоҳ қилиш борасида олиб борилаётган кенг кўламли ишларни мунтазам кузатиб бораман. Мамлакатингиз мазкур йўналишда бутун дунёда қўлласа арзийдиган, аниқ ва пухта шаклланган механизмни, самарали ва ғоят истиқболли ислоҳотларни амалга ошираётганини қайд этишни истардим. Малайзия университетларида ҳам ўзбекистонлик ёшлар таълим олади. Мамлакатингиз ёшларининг билимга чанқоқлиги, доим интилиш ва изланишда экани ҳавасимизни келтиради. Улар хорижий тилларни жуда яхши билади. Юртингизда Ўзбекистоннинг буюк келажаги учун бор куч-ғайрати ва шижоати билан курашадиган, ­халқингиз равнақи учун камарбас­та бўладиган бундай иқтидорли ёшлар етишиб чиқаётганидан фахрлансангиз арзийди. Ўзбекис­тоннинг тарихи бой, келажаги эса янада буюкдир.

Айнан Ўзбекистондек тинч ва осо­йишта мамлакатга мана шундай нуфузли халқаро анжуманларни ўтказиш ярашади.

Сергей ТОЛСТОВ, Украина Миллий фанлар академиясининг Жаҳон иқтисодиёти ва халқ­аро алоқалар институти профессори, эксперт-технолог:

— Ўзбекистонда ўтказиладиган халқ­аро конференцияда барқарор ривожланиш мақсадларини амалга оширишда ижтимоий йўналишлар ва амалий тажрибага оид маърузам билан иштирок этаман. Ўзбекистонда 2012-2015 йилларда қишлоқ жойларда уй-жойлар қурилишини ривожлантириш лойиҳаси мамлакатингизда ижтимоий соҳани янада тараққий эттириш йўлида танланган энг тўғри қадамлардандир. Бундай эзгу ишлар кўламини янада кенгайтириш мақсадида тизимга халқаро молия институтлари маблағларининг ҳам жалб этилиши, айниқса, таҳсинга сазовор. Ўзбекистоннинг бу соҳада катта тажрибага эга Осиё тараққиёт банки билан ҳамкорлиги қишлоқ жойларда уй-жойлар қурилишини янада ривожлантиришга хизмат қилмоқда.

Мазкур лойиҳани амалга ошириш орқали, энг аввало, аҳоли турмуш даражасини янада оширишга ҳамда қишлоқлар инфратузилмасини такомиллаштиришга эришилади. Иқтисодиёти барқарор ривожланаётган Ўзбекис­тон мазкур лойиҳани муваффақиятли амалга ошириш учун барча имкониятларга эга.

Сальво КАЧЕЛА, «AQ International» компанияси директори (Италия):

— Қишлоқларда намунавий лойиҳалар асосида уй-жойлар қуришнинг Ўзбекистон тажрибаси халқаро миқёсда кенг эътирофга лойиқ. Халқаро конференция доирасида бу борада олиб борилаётган кенг кўламли ишлар билан янада яқинроқ танишиш, барпо этилаётган мазкур замонавий уй-жойларни ўз кўзимиз билан кўриш имконига эга бўлишимиздан мамнунмиз.

Сок Йонг ФАНГ, Сингапур менежмент университетининг иқтисодиёт факультети профессори:

— Уй-жойлар қурилишини изчил олиб бориш учун ҳар бир давлат, авваламбор сиёсий, ижтимоий ва иқтисодий жиҳатдан барқарор бўлиши лозим. Қишлоқларни ҳар томонлама замонавийлаштириш учун у ерда нафақат янги уй-жойларни барпо этиш, балки таълим муассасалари ва аҳолига хизмат кўрсатиш мажмуаларини кўпайтириш, инфратузилма тармоқларини ривожлантириш, йўллар барпо этиш, сув ва электр энергияси тармоқларини ўтказиш, қишлоқ хўжалигини ривожлантириш каби кенг кўламли масалаларни ҳал этиш даркор. Ўзбекистонда бу масалага ана шундай комплекс асосда ёндашилаётгани диққатга сазовордир.

Мамлакатингизда қишлоқларни комплекс ривожлантириш, намунавий ло­йиҳалар асосида замонавий уй-жойлар бунёд этиш бўйича яхлит тизим шакллангани, замонавий турар жойларни қуриш ва молиялаштиришда пухта ташкилий-ҳуқуқий механизм яратилганидан бошқалар ҳам ибрат олса арзийди.

ЎзА