Uz Eng Ru Ru
Biz bilan aloqa
 Adobe Flash Player

Орзу-истаклар рўёби намунавий уй-жойларда мужассам

   ZARAFSHON 2013 YIL 12 MART №29

OBOD

     ...Бошланганига анча вақт бўлса-да, ҳали-ҳануз дунёнинг аксарият, эътиборлиси, ривожланган давлатларида ҳам оқибатлари катта ташвиш туғдираётган жаҳон молиявий- иқтисодий инқирози давом этмоқда. Жумладан, Европанинг айрим мамлакатларида ипотека бозори бугунги кунда тўлиқ тикланмай, молия бозорининг бир қатор тармоқларида боқиманда қарзларнинг кўпайиб бораётгани катта муаммоларни келтириб чиқармоқда.

Халқаро хабарлардан бохабар бўлишни канда қилмайдиган, ёши саксонни қоралаган Олим ота телевизордаги бу хабарни эшитиб, кенжа ўғлига гап солди:

     - Уй қуриш осонми? Мана, аканг уйини қуришни бошлаганига ўн йилдан ошди, чаласининг ҳам, сарф-харажатининг ҳам ҳисоби йўқ.  Пахса, режасиз қураётган уйларимизнинг даври ўтди. Қишлоғимизда ўтган йили намунавий лойиҳа асосида қурилган уйларни, уларга кўчиб кирганларнинг қувончи мавжуд шароитлардан мамнунлигини кўриб, кўнглимга бир мақсадни тугдим. Қурилиши шу йил бошланадиган ана шундай уйлардан бирига ариза берасан, биз ҳам шаҳарликлардек яшайлик!...

Дархақиқат, жойларда намунавий лойиҳалар асосида қад ростлаётган уй-жойларни кўриб, киши кўнглида жўш урган ҳавас ҳисси беихтиёр ана шундай оҳангда ифодаланади. Кейинги йилларда кўриниши, аҳоли турмуш шароити жиҳатидан қишлоқ билан шаҳар ўртасида фарқ қолмаяпти. Бу шубҳасиз, мамлакатимизнинг  ҳар жабҳада йилдан-йилга барқарор ривожланиб бораётгани ва натижада турмушимизнинг янада обод бўлиб бораётганидан далолатдир. Бугун аҳолининг юқори даражадаги турмуш тарзини шакллантириш учун зарур бўлган ва шунга монанд хизмат қиладиган барча шароит қишлоқда ҳам, шаҳарда хам мужассам.

     - Эътиборлиси, намунавий лойиҳалар асосида қишлоқларда қурилаётган уй-жойлар кўриниши билан муҳитга кўрк бағишлаши баробарида, аҳоли ўртасида ободликни тарғиб этишга хизмат қилмоқда, - дейди Тайлоқ тумани Ворсин қишлоғидаги ана шундай уйлардан бирида яшовчи 70 ёшли Лола момо. -Бу уй-жойлардаги мавжуд шароитларни кўриб тўғриси ҳайратим ошди. Айниқса, катталар, болалар учун алоҳида хоналар, уй бекалари учун қулай ва шинам ошхоналар киши ҳавасини келтиради.

     Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2009 йил 3 августдаги «Қишлоқ жойларда уй-жой қурилиши кўламини кенгайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Қарори ижросини таъминлаш мақсадида бугунга қадар туманда намунавий лойиҳалар асосида 230 та уй-жой қурилиб, фойдаланишга топширилган. Энг муҳими, аҳолига янада қулайликлар яратиш мақсадида янги умумтаълим мактаби, савдо дўкони, маиший хизмат кўрсатиш уйи, минибанк ва милиция таянч пункти биноси, автобус тўхташ жойлари барпо этилган.

- Маданият массивида салкам етти гектарлик ер майдонида жорий йилда ҳам 90 та намунавий уй-жойлар қуриш ишлари бошланди, - дейди туман ҳокимлиги бош мутахассиси Хуршид Тўхтаев. - Ушбу мақсад учун уй-жой эгаларидан уч миллиард 150 миллион сўм бошланғич бадал ундирилган.

     Шунингдек, Ворсин ва Мадани­ят массивида 2,3 километр электр, 3,78 километр газ, 3,2 километр ичимлик сув тармоғи қурилиб, аҳоли ихтиёрига топширилган. 2,95 километрлик асфальт йўлларини тўшаш ишлари якунига етказилмокда. Умуман, бу рақамларни батафсил келтиришимизнинг боиси, намунали уй-жой массивлари фақатгина турар жойлардан иборат эмас. Балки,улар муҳандислик-коммуникация иншоотлари билан яхлит тарзда бунёд этилмоқда.

     Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, бу ишларнинг замирида юртимизда аҳоли турмуш фаровонлигини оширишдек эзгу мақсад ётибди. Бир сўз билан айтганда, мамлакатимиз раҳбари ташаббуси ва кўрсатмалари билан қишлоқ жойларда намунавий лойиҳалар асоси­да уй-жойларнинг кенг кўламда бар­по этилаётгани нафақат бугуни, бал­ки эртасини ўйлаб меҳнат қиладиган халқимиз орзу-истакларининг рўёбидир.

 Шермат САНАЕВ,

«Зарафшон» мухбири